Сурхондарёда қурилиш материали ишлаб чиқарувчилар муаммолари ўрганилди
Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланди. Ана шу вазифалар ижросини таъминлашда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси ҳам тадбиркорлар билан мулоқотни кучайтириш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий ишлар олиб бормоқда.
Ана шу мақсадда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Ф. Саматов Сурхондарё вилоятида бўлиб, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. Учрашувлар давомида тадбиркорларни қийнаётган масалалар ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар белгиланди.
Жумладан, Қумқўрғон туманида фаолият юритаётган “MUSTAHKAM MUSTAQILLIK GAZ S GROUP” масъулияти чекланган жамияти сувоқ аралашмалари, шпатлёвка ҳамда плитка елимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ички бозорда харидорлар эътиборини қозонмоқда.

Мулоқот чоғида тадбиркор ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнини янада тезкор ташкил этиш бўйича амалий кўмак сўради. Мурожаат жойида кўриб чиқилиб, масалани ҳал этиш мақсадида қурилиш маҳсулотларини сертификатлаштириш ишларини ташкил қилиш бўйича “UzTest” давлат муассасасининг Сурхондарё вилояти филиали мутасаддиларига тегишли топшириқлар берилди.
Денов туманида фаолият юритаётган “REAL MIKRO KALSIY GIPS” хусусий корхонаси газоблок маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ишлаб чиқаришда қўлланилаётган ўлчаш воситалари давлат метрологик қиёслаш кўригидан ўтказилди.
Мулоқот давомида корхона раҳбари ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш мақсадида қўшимча ер майдони ажратиш масаласида амалий маслаҳат сўради. Унга амалдаги қонунчиликка мувофиқ ер участкалари фақат очиқ электрон аукцион орқали ажратилиши тушунтирилиб, мазкур жараённинг тартиб-таомиллари юзасидан зарур ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Сариосиё туманидаги “BITOVIK” хусусий корхонасида сопол ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Айни пайтда банк билан юзага келган молиявий масалалар туфайли ишлаб чиқариш вақтинча тўхтаб қолган. Учрашувда тадбиркор ушбу муаммони ҳал этишда амалий кўмак сўради. Мурожаатни тегишли тартибда юқори ташкилотлар орқали тижорат банкига етказиш ва уни ҳал этишга кўмаклашиш чоралари белгиланди.

Шунингдек, Сариосиё туманидаги “LIDER-QMB” масъулияти чекланган жамиятида темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари ўрганилди. Учрашувда тадбиркорларга техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонунчиликка киритилган янгиликлар, мавжуд имтиёз ва енгилликлар ҳақида маълумот берилди. Маҳсулотлар сифатини янада ошириш, уларнинг рақобатбардошлигини кучайтириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.
– Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳаларида қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида вилоятдаги 333 та тадбиркорлик субъектида профилактик тадбирлар ўтказилди, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи Ғайрат Каримов. – Тадбиркорларга соҳага оид тушунтиришлар берилди, зарур тарқатма материаллар етказилди. Хавф таҳлиллари асосида 580 та огоҳлантириш хати юборилди.
Қайд этилганидек, вилоятда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири