Камбағалликдан фаровонлик сари
Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони халқимизнинг обод ва файзли хонадонда муносиб яшаши учун зарур шароитларни яратишда муҳим дастуриламал бўлмоқда. Шунга мувофиқ вилоятда танлаб олинган энг оғир аҳволдаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича дастур доирасида мазкур ҳудудларда ишсизлик ва камбағаллик қисқартирилиб, томорқа ерларнинг суғориш тизими яхшиланади. Барқарор электр энергияси ва оптик толали интернет тармоғи билан таъминланади. Ички йўллар таъмирланиб, воҳадаги тўртта маҳаллада “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” мезонлари жорий этилади ва қиёфаси тубдан ўзгартирилади. Бунинг учун 77 та энг оғир аҳволдаги маҳаллага 256 миллиард сўмдан ортиқ, тўртта маҳалланинг ҳар бирига уч миллиард сўмдан маблағ ажратилди.
Бу ишларни белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш учун “йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ҳар бир хонадон, кўча ва инфратузилма объектлари хатловдан ўтказилди. Маҳаллаларга республика даражасидаги раҳбар ва ўринбосарлари, вилоят ҳамда туман, шаҳар идора ва ташкилот, муассасалари мутасаддилари бириктирилди.
– Бу ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Муродали Юлдошев. – Бунинг учун катта маблағ ажратилиб, йирик ҳажмдаги ишлар амалга оширилади. Масалан, танлаб олинган оғир аҳволдаги маҳаллаларнинг биргина суғориш тизимларини яхшилаш учун 104 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилмоқда. Бунинг эвазига 23 та насос, 88 та суғориш қудуғи, 50,4 километр қувурли тармоқ тортиш, 24,4 километр лоток ўрнатиш ва 122,3 километр масофадаги ариқни бетонлаш режалаштирилган. 151,6 миллиард сўм электр энергияси ва интернет тармоғи сифатини яхшилаш, кенг, равон йўллар барпо этиш ҳамда бошқа инфратузилмаларни ривожлантиришга ажратилмоқда.
Олтинсой туманида танлаб олинган энг оғир аҳволдаги Карсаган, Шохча, Тоғай Мурод, Баркамол авлод ва Чинор маҳаллалари учун 16 миллиард 496 миллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилмоқда. Чинор маҳалласидаги 735 оиладан 115 таси ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган. Бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига уч километр сув тармоғи тортилади. Қарийб бир километр ариқ бетонланади. 270 хонадон томорқасини суғориш учун сув билан таъминланади. Битта трансформатор ўрнатилиб, 4 километр масофага сим тортилади. 112 та бетон таянч, 18 та тунги ёритгич ўрнатилади. 420 хонадоннинг электр таъминоти тубдан ўзгаради. 1,8 километрга оптик толали кабель тортилиб, интернет тармоғи яхшиланади. Икки километр йўл асфальтланади.
Боғдорчилик ва узумчилик билан шуғулланадиган маҳалла аҳлига давлатимизнинг чекка ҳудудга қаратаётган юксак эътибори бир олам қувонч улашмоқда. Айниқса, узоқ йиллардан буён аҳолини ўйлантириб келаётган оқова сув муаммоси ҳал этилишидан беҳад суюнмоқда. Мутасаддиларнинг айтишича, туман марказидан олисдаги тоғли қишлоқда амалга ошириладиган бу ишлар томорқадан фойдаланиш унумдорлигини оширади. Даромадини кўпайтиради. Инфратузилманинг яхшиланаётгани одамларнинг турмуш даражасини юксалтиради, ҳаётидан рози бўлиб яшашига кенг имконият яратади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири