Сурхондарё вилоятида эрта тонгдан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашари уюшқоқлик билан бошланди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига муносиб тайёргарлик кўриш ҳамда ҳудудларни ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган ҳашар доирасида маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқ ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва шакл бериш, жойларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадда бошланган умумхалқ хайрия ҳашарида вилоятдан 712 мингдан ортиқ киши иштирок этиб, 1 минг 700 гектардан зиёд майдон ободонлаштиради. Қарийб минг тонна маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланади. 680 дан зиёд қабристон, 120 га яқин зиёратгоҳ тартибга келтирилади. 4 мингдан ошиқ дарахтга шакл берилиб, оқланади.
–Тўй ва муборак байрамлар олдидан теварак-атрофни тозалаб, тартибга келтириш, шодиёналарни озода, кўркам гўшаларда ўтказиш халқимизга хос юксак фазилат, – дейди Термиз шаҳридаги Темир йўлчи маҳалласида яшайдиган меҳнат фахрийси Х.Тошпўлатов. – Ана шу удумимизга кўра, мустақиллик байрамимиз арафасида маҳалламиз ҳудудини ободонлаштириб, тартибга келтириш ажойиб анъанага айланган. Бугун ҳам эрта тонгдан ободонлаштириш юмушларида иштирок этаяпмиз. Асосий ишларни ёшларимиз бажармоқда. Кўчалар тартибга келтирилиб, ободонлаштирилмоқда. Уйлар оқланаётир. Биз уларга кўмаклашиб, ўз тавсияларимизни бераяпмиз.
Умумхалқ ҳашари доирасида вилоятда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга яқиндан ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 500 дан ортиқ хонадони таъмирлаб берилади.
–Шунингдек, хайрия ҳашарида кам таъминланган оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилган, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат масъул ходими О. Останақулов. – Шунга мувофиқ 500 дан зиёд юртдошларимизнинг хонадонлари таъмирлаб берилади. Бунинг учун 110 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган. 6 мингдан зиёд эҳтиёжманд, 150 га яқин ногирон ва ёлғиз қарияларга қарийб 25 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилади. Шу ўринда яна бир гапни айтиш керакки, жорий йилнинг март ойида “Обод ва кўркам маҳаллам” шиори остида ташкил этилган хайрия ҳашаридан тушган маблағларнинг ҳам бир қисми кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашга, соғлиғини тиклашга йўналтирилди. Якка-ёлғиз қариялар, ногиронлар ҳамда табиий офатдан жабр кўрган 300 фуқарога 135 миллион сўм хайрия ёрдами кўрсатилди. Кам таъминланган оилаларга 10 миллион, 22 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога 11 миллион, 15 нафар якка-ёлғиз кексага 3.5 миллион, табиий офатдан зарар кўрган 3 нафар юртдошимизга 5 миллион сўм моддий кўмак берилди. 25 ногиронлиги бор фуқарога қарийб 30 миллион сўмлик ногиронлик аравачаси, эшитиш ва ортапедик мосламалар, тикув машиналари олиб берилди.
Вилоятда умумхалқ хайрия ҳашари давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА