ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги мавжуд 966 та умумтаълим мактабида ҳам янги ўқув йили катта тантана билан бошланди.
2024/2025 ўқув йилида ушбу умумтаълим мактаблари 549 мингга яқин ўқувчини ўз бағрига олади. Улардан 58 минг 700 нафарга яқин болажон биринчи синфга қабул қилинди. Уларга ўқув қуроллари, мактаб сумкаси ва дарсликлар жамланган “Президент совғаси” топширилди.
Янги ўқув йилига бағишланган тантанали тадбир Термиз туманидаги 5-умумтаълим мактабида ҳам тантанали руҳда ўтказилди.
[gallery-19110]
Мактабнинг файзли ҳовлисига ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар, жамоатчилик вакиллари тўпланди.
Жорий ўқув йилида мазкур таълим даргоҳида 92 нафар ўқитувчи 1 минг 268 нафар ўқувчига илм-фан сирларини ўргатади. Уларнинг 130 нафари мактаб остонасига илк қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларидир.
Мактабда машғулотлар “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остидаги “Мустақиллик дарси” билан бошланди.
“Мустақиллик дарси”да миллий ўзликни англаш, энг бебаҳо, энг азиз неъмат – мустақиллик ҳақида ўқувчиларга батафсил маълумот берилди. Ана шу улуғ неъматни асраб-авайлаш, қадрлаш юртимизда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги кўргазмали воситалар, мазмунли маъруза, давра суҳбати, видеолавҳа ва савол-жавоблар орқали тушунтирилди.
– Мамлакатимизда ёшларнинг замонавий шароитда таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилган, - дейди мактаб директори Шоҳида Холлиева. – Таълим масканимизда янги педагогик технологияларни амалиётга кенг жорий этиш, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш асосида ўқувчилар билимини бойитишга доимий эътибор қаратганмиз.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА