ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги матбуот уйида Ёшлар ишлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсуми доирасида ўтказиладиган танлов ва мусобақалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими, Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармалари вакиллари ҳамда журналист ва блогерлар иштирок этган тадбирда олимпиаданинг иккинчи мавсумида ўтказиладиган мусобақа ва тадбирлар хусусида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, олимпиаданинг ушбу мавсумини жорий йил сентябрь-декабрь ойларида ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ёшлар бевосита мазкур олимпиада доирасида санъат-маданият, спорт, китобхонлик ва интеллектуал ўйин ва танловларда иштирок этиши мумкин.
[gallery-13545]
Ўқувчилар спортнинг мини футбол, волейбол, шахмат, шашка, стол тенниси, енгил атлетика, қувноқ стартлар бўйича мусобақаларда, “Заковат” интеллектуал ўйинида ҳамда “Қувноқлар ва зукколар” танловида ўз маҳоратини синовдан ўтказади.
Таъкидлаш керак, вилоят бўйича бугунги кунга қадар, жами 197 минг 770 нафар ўғил-қиз “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги танлов ва мусобақаларда иштирок этиш учун электрон платформа орқали рўйхатдан ўтди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА