Вилоятда жорий йил кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ерларнинг талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олиш юзасидан самарали ишлар олиб борилди. Бу соҳадаги ғайриқонуний ҳолатларга қарши қатъий назорат ўрнатилди. Йил давомида амалга оширилган назорат тадбирлари чоғида ер ва кадастр соҳасидаги ҳуқуқбузарликларда миллий қонунчилигимизнинг қайси нормалари кўпроқ бузилиши аниқланган?
– Якунланаётган йилнинг ўтган даврида назоратчиларимиз ер ва кадастр соҳасига оид 1 минг 758 та қонун бузилиш ҳолатини аниқлади, – дейди Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Жумаев. – Дуч келинган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг энг кўпи ёки 1 минг 67 таси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик сабабли келиб чиққан. 302 тасида ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, 205 тасида ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш, 90 тасида чегара белгиларини, геодезик пунктларни ва чеклов белгиларини йўқ қилиш ёки шикастлантириш ҳолатлари аниқланган. 79 ҳуқуқбузар ўзбошимча эгаллаган ерларда қурилиш ишларини амалга оширган бўлса, 15 таси суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган.
Мутахассислар вилоятда ер билан боғлиқ қонун бузилишларни назорат қилиш баробарида умуммиллий бойликни ўзбошимча эгалламаслик ва мақсадсиз фойдаланмаслик, тегишли ҳужжатларсиз қурилиш ишларини амалга оширмаслик юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини ҳам олиб борди. Ўтаётган йил вилоятда ер муносабатлари билан боғлиқ қонун бузилишлар юзасидан 145 нафар мансабдор ва 1 минг 613 нафар жисмоний шахсга маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири