Термиз шаҳридаги "Сурхон-Арена" спорт мажмуасида спортнинг камондан отиш тури бўйича "Ўзбекистон кубоги" мусобақасига старт берилди. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан келган моҳир мерганлар ўзаро баҳслашмоқда.
Вилоятда илк марта ўтказилаётган мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти қўриқлаш бошқармаси бошлиғи, вилоят камондан отиш федерацияси раиси А.Умаров, вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи А. Арабов, камондан отиш бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси бош мураббийи Г.Ариповалар мамлакатимизда сўнгги йилларда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор яхши самаралар бераётганини таъкидлади. Бу жараёнда спортнинг камондан отиш турини қўллаб-қувватлаб, оммалаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди.



Беллашув иштирокчиларининг ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олишига омад тилади. Мусобақа аввалида спорт фахрийлари, нуронийлар ва ҳаваскор ёшлар камондан отиш бўйича ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Айни пайтда эркаклар, аёллар ҳамда ёшлар ўртасида 60 ва 70 метр масофадаги нишонда камондан отиш беллашувлари бўлиб ўтмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири