Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ:
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида яшил ҳудудларни кўпайтириш мақсадида ер участкалари хатловдан ўтказилади ва уларнинг чегараси белгиланади;
Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон, Музработ, Қизириқ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида иҳота дарахтзорлари ҳамда “яшил белбоғ”лар барпо этилади;
Сирдарё вилоятининг Сирдарё, Мирзаобод, Оқолтин ва Ховос туманларининг чегарадош ҳудудларида иҳота дарахтзорлари ҳамда “яшил белбоғ”лар барпо этилади;
сувни тежаш ва “яшил белбоғ”ларни ривожлантириш мақсадида Тўпаланг дарёси ҳавзасининг юқори қисмида сунъий ёмғир ёғдириш ҳамда сунъий музликлар яратиш бўйича тажриба лойиҳалари амалга оширилади;
иқлим ўзгаришига таъсир этувчи инновацион технологиялар бўйича махсус таълимга ихтисослашган гидрометеоролог мутахассисларни тайёрлаш тизими ишлаб чиқилади ҳамда уларнинг халқаро даражада малакасини ошириш тизими йўлга қўйилади;
кучли шамол ва чанг бўронларининг салбий таъсирини камайтириш, экин ерлари ва яйловлар деградациясининг олдини олиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, сақлаш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган фуидаментал, амалий ва илмий тадқиқотлар ўтказилади.
Мазкур қарор билан:
Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича ишчи гуруҳ таркиби;
2026-2030 йилларда Сурхондарё вилоятида афғон шамолининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури;
2026-2028 йилларда Сирдарё вилоятининг Қозоғистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош туманларида шамол эрозиясининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳамда экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
Сурхондарё вилоятига чегарадош ҳудудларда чанг бўронларининг олдини олиш бўйича Афғонистон давлати билан олиб бориладиган музокараларда иштирок этиш;
ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини самарали ташкил этиш мақсадида уларнинг ижросини жойига чиққан ҳолда мониторинг қилиш;
ҳар йил якуни бўйича ушбу қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолатини пухта таҳлил қилган ҳолда танқидий муҳокама қилиш;
ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминлашда юзага келадиган муаммоли масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш, заруратга кўра, улар юзасидан тезкор қарорлар қабул қилиш;
амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб бориш.
Қарорга кўра, Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Экология қўмитаси, Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Сурхондарё ва Сирдарё вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда 2026 йил 1 майга қадар Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларининг қўшни республикалар билан чегарадош бўлган ҳудудидаги ер участкалари белгиланган тартибда хатловдан ўтказилади ҳамда яшил ҳудудлар барпо этиладиган ер участкаларининг чегаралари белгиланади.
ЎзА