Сурхондарё ва Қашқадарё чегаралари аниқ белгиланмоқда
Парламент қуйи палатаси мажлисида “Сурхондарё вилоятининг Қашқадарё вилояти билан маъмурий-ҳудудий чегараларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур масала бўйича Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов маъруза қилди.
Ҳудудларнинг маъмурий чегараларини аниқ белгилаш ер ресурсларини самарали бошқариш, мулкий муносабатларни тартибга солиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда алоҳида аҳамият касб этади. Лойиҳага мувофиқ, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ўртасидаги умумий узунлиги 209,15 километр бўлган маъмурий-ҳудудий чегара чизиғини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.
– Икки вилоят ўртасидаги энг сўнгги топографик хариталардаги чегара чизиқлари ўтган асрнинг 60–йилларида тасдиқланган, – деди Улуғбек Қосимов. – Чегарадаги 58 та ер участкасида 1981 гектар яхлит яйлов ва лалми майдонларининг икки вилоят ҳудудига кесиб ўтиш ҳолатлари мавжудлиги сабабли, бу ерларда маъмурий бошқарув, қишлоқ хўжалиги, яйловлардан фойдаланиш ва бошқа турли муаммоли масалалар аҳолини йиллар давомида қийнаб келган. Шунинг учун “Аэрогеодезия” маркази мутахассислари томонидан чегаралар қайта кўриб чиқилди. Ўтказилган ўрганиш ва хатловлар жараёнида Сурхондарёнинг амалдаги ер майдони ер ҳисоботида белгиланган майдонидан 2 минг 673 гектарга кўплиги аниқланди.
Ушбу қарорнинг қабул қилиниши натижасида икки вилоят чегарасидаги тоғ тизмалари ва қоялари бўйлаб жами 209 километр узунликдаги ҳудуд қайта белгиланади. Чегарадаги барча ноаниқликлар бартараф этилиб, мавжуд муаммолар тўлиқ ҳал этилади. Шунингдек, Бойсун ва Сариосиё туманларининг Қашқадарё билан чегарадош ҳудудлари чегаралари тартибга солиниб, аниқ ҳисоб-китоб асосида кадастр ҳисобини юритиш, ер ажратиш ва маъмурий масалаларни ҳал этиш имкониятлари яратилади, – деди Сурхондарё вилояти ҳокими.
Қайд этилганидек, чегараларни белгилашда замонавий картографик материаллар, аэросуратлар ва давлат координаталари тизимига боғланган топографик хариталардан фойдаланилган. Эътиборлиси, чегара чизиқлари ердан фойдаланувчиларга тегишли яйлов ва лалми ер майдонларининг яхлитлигини сақлаш, уларни табиий рельеф элементларига мувофиқ белгилаш тамойиллари асосида ишлаб чиқилган. Бу эса ер муносабатларида юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур қарор лойиҳаси маъмурий-ҳудудий чегараларни аниқ белгилаш фақат географик масала эмас, балки ер ҳисоби ва кадастр маълумотларининг ишончлилигини таъминлаш билан бевосита боғлиқ эканини кўрсатади. Чегараларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши келгусида туман ва шаҳарлар ҳудудларини аниқлаштириш, ер ва кўчмас мулк объектларини ҳисобга олиш ҳамда ҳудудий бошқарув самарадорлигини ошириш учун муҳим асос яратади.
Қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА