Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Татаристон Республикасида бўлиб, жорий йил 4 октябрь куни Қозон шаҳрида ўтган Ўзбекистон–Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форуми доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларини муҳокама этди, янги лойиҳалар бўйича музокаралар ўтказди.
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, сафарнинг дастлабки куни Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси расмийлари, чет давлатлар консулликлари ва 150 дан ортиқ ишбилармон доира вакили иштирокида Сурхондарё вилоятининг иқтисодий-инвестицион имкониятлари, туризм салоҳиятига бағишланган тақдимоти ташкил этилди. Ўзбекистон-Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форумида келишилган лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан мулоқот ва музокаралар ўтказилди. Янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 200 миллион долларлик шартнома имзоланди.
Сафар доирасида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва делегация аъзолари Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов билан учрашди. Унда ҳудудлар ўртасида ташқи савдо алоқаларини кенгайтириш, иқтисодий, инвестициявий ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янги босқичда ривожлантириш, имзоланган меморандум ва шартномалар ижросини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.
Улуғбек Қосимов Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихановни Сурхондарё вилоятига таклиф этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири