Сурхондарё – дунё сайёҳларини мафтун этмоқда
Мамлакатимизда ҳудудларнинг туристик жозибадорлигини ошириш, ўтмишдан сақланиб қолган тарихий-археологик ёдгорликлар ва муқаддас зиёратгоҳларда қулай шароит яратиш, туристик манзиллар инфратузилмасини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳам узоқ ўтмишдан сўзлайдиган тарихий обидалар, археологик ёдгорликлар, шифобахш булоқ сувлари, гўзал, мафтункор табиати, табиий қуёш нурига тўйинган сархил мевалари билан нафақат маҳаллий балки, хорижлик сайёҳларни мафтун этмоқда. Ҳаким Термизий, Исо Термизий, Сўфи Оллоёр, Мавлоно Зоҳид каби буюк аждодларимиз мангу қўним топган гўшалар, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирққиз сингари тарихий обидалар, Далварзинтепа, Фаёзтепа, Қоратепа каби археологик ёдгорликлар, Омонхона, Хўжаипок, Хўжамайхона шифобахш сувлари, Сангардак шаршараси сайёҳлар билан ҳамиша гавжум масканга айланмоқда.
Воҳанинг аждодлардан мерос қолган номоддий маданий мероси ҳам дунё аҳлида катта қизиқиш уйғотмоқда. Вилоятда ташкил этилаётган Наврўз сайллари, “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали, турли халқаро спорт мусобақалари, халқаро анжуманлар ҳам ҳудуднинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб қилишда муҳим омил бўлмоқда. Сўнгги йилларда вилоятнинг туристик оқими ошиб бораётгани сайёҳларга замонавий шароитлар яратиш учун қулай муҳит, кенг имконият яратди. Бунинг учун туристик обьектларга олиб борадиган йўл инфратузилмалари яхшиланиб, сайёҳларга хизматлар кўрсатиш шохобчалари барпо этилаётир. Замонавий меҳмонхона, хостел ва меҳмон уйлари қад ростламоқда.

–Туризм воҳа иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айланмоқда, – дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев.– Ўтмишда яшаган улуғ аждодларимизнинг хокини зиёрат қилиш учун дунё мусулмонлари ҳудудга талпинаётир. Жаҳон аҳлида тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган археологик ёдгорликларни томоша қилишга иштиёқ, интилиш йил сайин ошиб бормоқда. Ранг-баранг табиат манзаралари, боғ-роғлари вилоятга келаётган меҳмонларга ўзгача завқ улашаётган бўлса, шифобахш булоқ сувлари маҳаллий ва хорижликларнинг дардига дармон бўлаётир. Бу жараёнда туристларга меҳмонхона, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатиш сифатини оширишга алоҳида эътибор бериб, кенг кўламли ишларни амалга оширяпмиз.

Айни пайтда вилоятда сайёҳларга 50 дан ортиқ меҳмонхона ва хостел, 150 га яқин меҳмон уйлари, йўл бўйлари ҳамда туристик объектларда савдо ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари турли хизматларини тақдим этмоқда. Миллий ҳунармандчилик буюмлари савдоси кенг йўлга қўйилаётир. Президентимиз ташаббуси билан воҳага чегарадош қўшни давлатлар ўртасидаги чегара-ўтиш постлари қайта очилиб, муносабатлар тубдан яхшилангани ҳам вилоятда туризмнинг кенг ривожланишига хизмат қилаётир. Вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра жорий йилнинг ўтган даврида воҳага дунёнинг 80 дан ортиқ давлатидан 100 мингдан зиёд турист келган.

Туркиядан 500 га яқин, Америка ва Буюк Британиянинг ҳар биридан юздан ортиқ, Россиядан 700 га яқин, Қозоғистондан 462, Хитойдан қарийб 200, Ҳиндистондан 132 меҳмон воҳа тарихи, маданияти, миллий қадриятлари ва гўзал табиат манзаралари билан танишган. Тожикистон чегараси орқали 1,5 мингга яқин, Афғонистондан мингга яқин сайёҳ вилоятга ўтган. Шунингдек, қадимий вилоятни мириқиб томоша қилиш учун келаётган хорижлик туристлар учун Сурхон воҳаси ён қўшни Тожикистон Республикаси бўйлаб саёҳат қилишга энг қулай кўприк вазифасини ҳам ўтаётир.

–Сурхондарё узоқ ўтмишдан сўзлайдиган тарихий обидалари, археологик ёдгорликлари билан бизда бой таассурот уйғотди, – дейди германиялик сайёҳ Вольфранг Гертруд. – Одамлари самимий ва меҳмондўст, табиати гўзал бу юртдаги тинч, фаровон ҳаётга ҳавас билан боқдик. Сафаримиз чоғида Тожикистонга ҳам саёҳатга боришни режалаштирган эдик. Бу йўналишда энг мақбул йўлни танлаш учун Термиз шаҳрида хизмат олиб бораётган ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича ходимларидан маслаҳат сўрадик. Улар йўл-йўриқ кўрсатиб, бизнинг қўшни давлатга поездда етиб олишимиз учун билет харид қилишимизга ҳам яқиндан кўмаклашди. Сайёҳларга яратилган шароитлар ва бизга кўрсатилган ёрдамдан мамнун бўлдик.
Мутахассисларнинг айтишича, эндиликда жаҳоннинг Болгария, Бразилия, Вьетнам, Эрон, Покистон, Франция, Швейцария, Сингапур, Япония сингари давлатлари сайёҳлари ҳам вилоятга катта қизиқиш билдирмоқда. Улар нафақат воҳанинг тарихий-меъморий обидалари, археологик ёдгорликлари балки, нафис ҳунармандлик санъати билан танишиш, уларни ўрганиш ва мамлакатда кенг тарғиб қилиш учун ҳам бу юртга талпинмоқда.

Масалан, яқиндан япониялик сайёҳлар Бойсун туманига келиб, тоғлар қўйнидаги қадимий бу гўша ҳунармандлари билан учрашди. Қўли гул ҳунарманд аёллар билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг ноёб ҳунармандлик буюмлари билан танишди. Сир-асрорларини ўрганди.
–Бойсунлик хотин-қизларнинг ақл-заковати ва қўл меҳнати билан тикилган бу буюмлар ҳар қандай кишига манзур бўлади,–дейди япониялик Ёшико Кавабата. –Табиий рангларда жило берилган нафис буюмларнинг ҳар бирида ўтмиш ва келажак, табиат гўзалликлари ва одамларнинг самимий туйғулари ўз ифодасини топган. Бундай уйғунлик инсонга беихтиёр қувонч улашади.

Қўлда тикилган сўзана, миллий кийимлар ва қўлда тўқилган миллий матолар бизга жуда манзур бўлди. Аждодлари касбини давом эттириб келаётган ҳунармандларнинг бу меҳнатларидан завқланиб, келгусида биз Токиода Бойсун сўзаначилиги кунларини ўтказишни режалаштириб олдик. Хуллас, бизни бу юртнинг тарихий обидалари, гўзал табиати, қўли гул ҳунармандлари ўзига мафтун этди.

Қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхондарё вилоятига сайёрамизнинг турли давлатларидан келган сайёҳлар айтаётган бундай самимий фикрлар ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда туризмни янги босқичда ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги самарасидир.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири