Сурия муваққат ҳукумати раҳбари Аҳмад аш-Шаръа илк хорижий ташрифини асосий ҳомийси экани айтилаётган Туркияга эмас, балки Саудия Арабистонига амалга оширди. Шу билан бирга, Ар-Риёддан тўғри Анқарага учди. Бу ташрифлар аслида Дамашқдаги янги ҳокимиятнинг ташқи сиёсати йўналишларини ҳам белгилаб берди. Ташрифлардан кўзланган мақсадлар, Суриянинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги саъй-ҳаракатлари хусусидаги суҳбатимиз шарқшунос олим, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Шавкат Икромов билан бўлди.
- Айтингчи Суриянинг ташқи сиёсатидаги илк қадамлар давлатни барқарорлик ва тараққиёт йўлига олиб чиқа оладими?
- Сурияда 2024 йил декабрь ойида муваққат ҳукумат ўрнатилди. Узоқ вақт, яъни 60 йил давом этган Асадлар режими қулатилди ва мамлакатда муваққат ҳукумат ҳокимиятни эгаллади. 2014 йилдан бери давом этган фуқаролар уруши ўзининг якунига етди ва мамлакатда янги ҳукумат ўрнатилди.
Бутун мамлакатда тўла барқарорлик ўрнатилди деб ҳозир айта олмаймиз. Чунки, амалдаги ҳукумат раҳбари Аҳмад аш-Шаръанинг назорати бутун Сурия минтақаси бўйлаб жорий қилинмаган. Хусусан, мамлакатнинг Шимолий-Ғарбий томонида ҳали тўлалигича марказий ҳукуматнинг назорати ўрнатилмаган.
Тайинланган муваққат ҳукуматнинг ўзини олдида турган дастлабки вазифаси сифатида Суриянинг ҳозирги эришган тинчлик ва барқарорлигини давом эттириш ва сайловларга қадар мамлакатни тинч йўлга олиб чиқиш вазифаси турибди.
Умуман олганда Яқин Шарқ минтақасида фаол равишда кучлар мувозанатининг ўзгараётганини кўришимиз мумкин. Бу ерда 2014 йилдан буён Эрон ва Россия устуворлигини кўраётган эдик. Эрон Суриядаги Башар Асад ҳокимиятининг қўриқчиси ва асосий сақлаб турувчиси сифатида бу ерда мавжуд эди ва бутун минтақа бўйлаб ўзини “Эрон қаршилик ўқи”ни ёйган ҳолатда ўз таъсир доирасини кенгайтириб бораётган эди.
Шунингдек, бу ерда ҳарбий базаларини қуриш орқали Россия ҳам Яқин Шарқда ўз таъсир доирасини кенгайтириш бўйича анча эркин ҳаракат қилаётган эди.
2023 йил октябрь ойида Ғазо минтақасида бошланган кескинликлар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги кураш минтақадаги умумий мувозанатни секин-асталик билан издан чиқарди. 2024 йил 8 декабрга келиб, мутлақо вазият ўзгарди, деб айтишимиз мумкин бўлади. Бу вазият ўзгариши “Эрон қаршилик ўқи”нинг асосий маркази бўлган Сурияда Асад режимининг ағдарилиши билан боғлиқ ҳолатда кечди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TAwh2k0MRVI" title="Suriya tinchlik va taraqqiyot yoʻlini tanladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ёқуб Мелибоев, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА