Суперлигада интрига янада авж олди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 15-тур учрашувлари якунланиб, мавсумнинг биринчи давраси расман ортда қолди. Ярим мавсумдаги натижалар чемпионлик учун кураш ҳали ҳал қилувчи паллага кирмаганини, аксинча, иккинчи даврада ҳар бир очконинг қиймати янада ортишини кўрсатди.
Пешқадамлар ўртасидаги фарқнинг минимал даражага тушгани, юқори олтиликдаги жамоаларнинг бир-бирига яқин бораётгани ҳамда тўпурарлар пойгасидаги кескин рақобат Суперлиганинг қолган қисми янада муросасиз кечишидан дарак бермоқда.
Айни пайтда «Нефтчи» 15 турдан кейин 36 очко билан турнир жадвалида етакчиликни сақлаб турибди. Фарғоналиклар биринчи даврада 33 та гол уриб, атиги 6 та гол ўтказган ҳолда нафақат энг кўп ғалаба қозонган, балки энг ишончли ҳимояга эга жамоа сифатида ҳам ажралиб турибди. Бироқ, Самарқандда «Динамо»га қарши баҳсда йўқотилган икки очко чемпионлик пойгасидаги устунликни сезиларли даражада қисқартирди.
Энг яқин таъқибчи — «Пахтакор» ҳисобида 34 очко бор. Тошкентликлар биринчи даврада 26 та гол уриб, 14 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан. Пешқадамдан атиги икки очко ортда бораётган «шерлар» иккинчи даврада чемпионлик учун асосий даъвогар сифатида майдонга тушади.
Мавсумнинг энг барқарор жамоаларидан бирига айланган «Бухоро» 26 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа 19 та гол уриб, 16 та гол ўтказди. Бухороликлар ҳозирча медаллар учун курашдаги энг жиддий номзодлардан бири бўлиб қолмоқда.
Тўртинчи поғонадаги ОКМК ҳисобида 25 очко бор. Худди шунча - 25 очко жамғарган «Навбаҳор» бешинчи ўринда бормоқда. «Насаф» 24 очко билан олтинчи ўринга кўтарилди.
Суперлига жадвалининг ўрта поғоналарида ҳам рақобат жуда кескин. Жумладан, «Локомотив» 22 очко билан еттинчи ўринда бормоқда. «Андижон» ва «Динамо» эса 21 очкодан жамғарган ҳолда саккизинчи ва тўққизинчи поғоналарни бўлишиб турибди. «Бунёдкор» 19 очко билан ўнинчи поғонада жойлашган. Кейинги ўринларда «Сурхон» (18 очко), «Қизилқум» (17 очко), «Хоразм» (16 очко) ва «Сўғдиёна» (15 очко) бормоқда. Бу жамоалар учун иккинчи даврада ҳар бир ғалаба турнир жадвалида бир неча поғонага кўтарилиш имконини бериши мумкин.
Қуйи поғоналарда эса вазият янада мураккаб. «Қўқон-1912» биринчи даврани 11 очко билан якунлаган бўлса, «Машъал» атиги 4 очко билан сўнгги ўринда қолмоқда. Муборакликлар 15 турда 8 та гол уриб, 27 та гол ўтказиб юборди ва иккинчи даврада жамоани оғир синовлар кутиб турибди.

Биринчи давра якунлари шуни кўрсатмоқдаки, Суперлигада чемпионлик учун кураш ҳали энди ҳақиқий авжига чиқмоқда. Пешқадам билан олтинчи ўриндаги жамоа ўртасидаги фарқ катта эмас. Демак, бир неча муваффақиятли тур натижалари турнир жадвалини тубдан ўзгартириши мумкин.
Энди барча эътибор 16-тур баҳсларига қаратилган. Иккинчи давранинг илк тури 6–8 август кунлари бўлиб ўтади.
Тур 6 август куни «Сўғдиёна» — «Андижон» ҳамда марказий баҳс ҳисобланган «Пахтакор» — «Бухоро» учрашувлари билан старт олади. Айниқса, Тошкентдаги тўқнашув юқори учликдаги кучлар нисбатига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
7 август куни «Сурхон» — «Навбаҳор», «Локомотив» — «Динамо» ва «Хоразм» — «Машъал» учрашувлари бўлиб ўтади. Бу баҳслар ўрта ҳамда қуйи поғоналардаги рақобат учун катта аҳамиятга эга.
8 август куни эса пешқадам «Нефтчи» ўз майдонида «Қизилқум»ни қабул қилади. Шу куни «Бунёдкор» — ОКМК ва «Насаф» — «Қўқон-1912» учрашувлари ҳам мухлислар диққат марказида бўлади.

Суперлигада нафақат жамоалар, балки тўпурарлар пойгасида ҳам интрига юқори даражага етди. Биринчи давра якунига кўра, «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 11 та гол билан якка пешқадам бўлиб турибди. Иккинчи ўринда «Динамо» вакили Анваржон Ҳожимирзаев 9 та гол билан бормоқда. Унинг ортдан «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов 8 та гол билан жой олган.
Шунингдек, Достонбек Ҳамдамов ва Стефен Чинеду («Пахтакор»), Стипе Перитса («Нефтчи») ҳамда Бобир Абдухолиқов («Насаф») 7 тадан гол уриб, кучли еттиликдан ўрин эгаллаб турибди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА