Суперлигада бугун яна учта ўйин ўтказилади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 26-тури доирасида бугун, 31 октябрь куни «Сурхон» – «Насаф», «Машъал» – «Динамо» ва «Навбаҳор» – «Андижон» жамоалари ўртасида ўйин ўтказилади.
Куни кеча Суперлиганинг 26-туридан ўрин олган уч ўйинда кутилмаган натижалар қайд этилди. Турнинг дастлабки баҳсида «Пахтакор» сафарда «Хоразм»ни мағлуб этган бўлса, «Қўқон-1912» ва «Қизилқум», «Сўғдиёна» ва «Бухоро» жамоалари дуранг ўйнади.
Урганчда кечган «Хоразм» – «Пахтакор» учрашуви меҳмонларнинг минимал ҳисобдаги ғалабаси билан якунланди. Ўйиндаги ягона гол 88-дақиқада Муҳаммадбобур Каримов томонидан киритилди. Унга Достонбек Ҳамдамов голли узатмани амалга оширди.
Учрашувнинг қўшимча дақиқаларида «Хоразм» ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, ҳакамлар VAR орқали вазиятни текшириб, ҳужумда офсайд ҳолати бўлганини аниқлади. Шу тариқа, мезбонларнинг голи бекор қилинди ва «Пахтакор» муҳим уч очкога эга бўлди.

«Қўқон-1912» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасидаги баҳсда ҳисоб очилмади. Жиззахдаги «Сўғдиёна» – «Бухоро» учрашуви эса 1:1 ҳисобида якунланди. Тимур Мамасидиқов 57-дақиқада меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, Шоҳруз Камолов 90-дақиқада мезбонларни мағлубиятдан қутқариб қолди.
Ушбу учрашувлардан сўнг, «Пахтакор» очколарина 56 тага етказиб олди иккинчи ўриндаги жойини мустаҳкамлади. «Бухоро» 42 очко билан 4, «Қизилқум» 35 очко жамғариб 8, «Сўғдиёна» 30 очко тўплаб 11, «Хоразм» 23 очкога эга бўлиб 15-ўринларни банд этган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА