Суперлигада 18-тур старт олади
Ўзбекистон Суперлигасида 18-тур баҳслари қизғин кечади. Жамоалар навбатдаги муҳим очколар учун майдонга тушади. Бу ҳафта охирида мухлисларни қандай тўқнашувлар кутмоқда?
Ўзбекистон Суперлигасининг 18-тур учрашувлари бугун, 18 август куни старт олади. Тур доирасида 8 та учрашув ўтказилиб, жамоалар чемпионатдаги навбатдаги очколар учун майдонга тушади.
Турнинг дастлабки икки учрашуви бугун бўлиб ўтади. Соат 19:00 да «Сўғдиёна» Жиззахда «Қизилқум»ни қабул қилади. Соат 20:00 да эса «Бухоро» ўз майдонида чемпионат пешқадамларидан бири «Нефтчи»га қарши баҳс олиб боради. 19 август куни ҳам икки учрашув режалаштирилган. Соат 19:00 да «ОКМК» — «Динамо» баҳси ўтказилса, соат 20:00 да «Машъал» ўз майдонида «Андижон»ни қабул қилади.
20 август куни мухлисларни яна икки қизиқарли учрашув кутиб турибди. Соат 19:00 да «Бунёдкор» — «Қўқон-1912» баҳси бўлиб ўтса, соат 20:00 да «Хоразм» ва «Локомотив» жамоалари ўзаро куч синашади. 18-турнинг сўнгги икки учрашуви 21 август кунига белгиланган. Соат 19:00 да «Навбаҳор» «Насаф»ни қабул қилади. Куннинг марказий баҳсларидан яна бири — «Пахтакор» ва «Сурхон» ўртасидаги учрашув соат 20:00 да бошланади.
Мазкур тур баҳслари турнир жадвалидаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Айниқса, юқори ўринлар учун курашаётган жамоаларнинг ҳар бир очкоси чемпионлик пойгасида муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА