Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 7-тур учрашувлари доирасида “Қўқон-1912” – “Хоразм”, “Машъал” – “Сурхон” ва “Сўғдиёна” – “Андижон” жамоалари ўртасида баҳслар ўтказилди.
Суперлиганинг 7-тур дастлабки учрашувида "Қўқон-1912" ўз майдонида "Хоразм" клубига қарши ўйин ўтказди. Учрашувнинг 44-дақиқасида мезбонлар вакили Шаҳзод Бешимов пенальтидан унумли фойдаланди. Мазкур натижа эвазига “Қўқон-1912” очколар сонини 9 тага етказиб олди. “Хоразм” эса 7 очко билан қолди.
Термиз шаҳридаги "Сурхон арена" стадионида бўлиб ўтган "Машъал" – "Сурхон" учрашувида ҳисоб очилмади. Натижада ҳар иккала клубнинг очколари 7 тага етди.

Жиззахдаги “Сўғдиёна” марказий стадионида ташкил этилган "Сўғдиёна" – "Андижон" учрашуви 1:0 ҳисобида ўз якунига етди. Учрашувдаги ягона голни 58-дақиқада Суҳроб Иззатов киритди. Шу тариқа, узоқ кутилган ғалабадан сўнг Жиззах шаҳри жамоаси 7 очко жамғарди. Айни дамда “Андижон” 9 очкога эга бўлиб турибди.
Бугун, 27 апрель куни “Насаф” – “Қизилқум”, “Навбаҳор” – “Бухоро” ҳамда “Пахтакор” – “Шўртан” учрашувлари ўтказилади.
“Навбаҳор” – “Бухоро” баҳси Наманган шаҳаридаги “Марказий” стадионида соат 18:00 да старт олади.

Маълумот тарзида айтиб ўтадиган бўлсак, мазкур клублар Суперлига (олий лига) ўйинларида жами 60 марта ўзаро тўқнаш келган. “Навбаҳор” мазкур учрашувларнинг 34 тасида ғалаба қозонган бўлса, 16 та учрашувда бухороликлар зафар қучган. 10 та ўйин эса дуранг натижа билан якунланган. Тўплар нисбати 109/62 “Навбаҳор” фойдасига.
Энди эса халқ жамоаси дея бир вақтлар ном олган “Пахтакор” клубининг “Шўртан”га қарши ўтадиган ўйини олдидан ўзаро учрашувлар статистикасига назар ташлаймиз. Бу жамоалар шу кунга қадар ўзаро 24 бор миллий чемпионатимизда ўйин ўтказган бўлиб, "Пахтакор" 19 маротаба рақибларини доғда қолдирган. Икки баҳс дуранг ва қолган уч учрашувда “Шўртан” футболчиларининг қўли баланд келган. Пойтахтимиз клуби ўтган беллашувларда рақиб дарвозасини 63 марта ишғол этган бўлса, 20 та тўпни ўзи дарвозасидан олиб чиққан.
"Пахтакор" ва "Шўртан" ўртасидаги ўйин "Жар" стадионида соат 18:00да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА