Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тур учрашувлари ҳам ўз якунига етди. Ушбу турда бир қатор учрашувлар кутилмаган натижа билан якунланди. Айниқса, бу турда фаворитларнинг очко йўқотиши турнир жадвали ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Бу эса футбол бўйича миллий чемпионатимизда иштирок этаётган жамоаларнинг савияси ўсаётганидан далолатдир.
Бу турда "Хоразм" ўз майдонида "Насаф" билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган бўлса, "Бунёдкор" пойтахтда "Қўқон-1912"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Натижада, “Насаф” кутилмаганда очко йўқотди ва очколари 18 тага етди. "Бунёдкор" эса 15 очко билан қолди. Ушбу имкониятдан фойдаланган Миржалол Қосимов қўл остидаги ОКМК жамоа ўз майдонида "Андижон" клубини қабул қилди ва 4:3 ҳисобида зафар қучиб, муҳим 3 очкони қўлга киритди ҳамда 19 очко билан Суперлига пешқадамига айланиб олди.

"Шўртан" майдонидан 1:3 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган "Динамо" жамоаси очколар бўйича “Бунёдкор”га етиб олди. Бироқ пойтахт клуби голлар нисбатига кўра, учинчи ўринда қолди. “Қўқон-1912” жамоаси эса айнан “Бунёдкор” устидан қозонилган ғалаба эвазига 12 очко тўплади. Шунингдек, "Нефтчи" “Истиқлол” стадионида "Сўғдиёна"ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида зафар қучди ва очколари 12 тага етди. Шу тариқа “Нефтчи” 5, “Қўқон-1912” 6-ўринга жойлашди.

"Қизилқум" кескин ва муросасиз ўтган "Навбаҳор" жамоасига қарши ўйинда 3:2 ҳисобида муваффақиятга эришди. “Навбаҳор” мағлубиятдан сўнг 11 очко билан 7-поғонага тушиб кетди. “Қизилқум” эса 10 очко билан 8-ўринга чиқиб олди.
"Сурхон" (9-ўрин) ўз уйидаги ўйинда "Пахтакор"ни 2:1 ҳисобида, “Машъал”(10-ўрин) эса сафарда "Бухоро"ни 2:1 ҳисобида енгди. Ушбу жамоалар ҳам ўзларининг 10 очколарини қўлга киритди ҳамда мусобақа жадвалининг кучли ўнлигини якунлаб берди.

Бу йилги Суперлига мусобақаларида ўз ўйинини топа олмаётган “Андижон” ва “Пахтакор” клублари 9 очко билан 11-12-поғонада бораётган бўлса, “Хоразм” 8, “Сўғдиёна” 7, “Бухоро” 6 ва “Шўртан” 1 очкога эга бўлиб, 13-15-ўринларда қолмоқда.
8-тур якунларига кўра, Хуршид Ғиёсов (ОКМК) ва Игор Сергеев (“Пахаткор”) 6 та гол урган ҳолда тўп урарлар рўйхатини бошқармоқда. Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) эса 5 та гол билан ҳамон уларни таъқиб қилмоқда.

Миллий чемпионатимизнинг тўққизинчи тур учрашувлари 9-11 май кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз:
9 май: “Андижон” – “Нефтчи”, “Динамо” – “Сурхон”;
10 май: “Қўқон-1912” – ОКМК, “Пахтакор” – “Бухоро”, “Насаф” – “Бунёдкор”;
11 май: “Навбаҳор” – “Хоразм”, “Машъал” – “Қизилқум”, “Сўғдиёна” – “Шўртан”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА