Суперлига: Бугун “водий дербиси” бўлиб ўтади
Бугун Ўзбекистон Суперлигасининг 6-тур ўйинларига старт берилади. 7 апрель санасида учта беллашув бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Мазкур турни "Локомотив" ва "Хоразм" клублари ўртасидаги ўйин бошлаб беради. Учрашув соат 17:00 да "Дўстлик" стадионида старт олади. Соат 18:00 да эса Ғузорда "Машъал" ва "Бунёдкор" клублари ўртасидаги беллашув бошланса, "Бобур Арена" стадионида "Андижон" ва "Навбаҳор" ўзаро рақобатлашади. "Водий дербиси" соат 19:15 га белгиланган.
Шу ўринда, "Машъал" ва "Бунёдкор" ҳамда "Андижон" ва "Навбаҳор" клублари ўртасидаги учрашувлар статистикасига назар ташласак.

Аввало, "Машъал" ва "Бунёдкор" баҳси ҳақида. Жамоалар шу кунгача миллий чемпионат доирасида 26 марта ўзаро тўқнаш келган. Ушбу учрашувларнинг 2 тасида “Машъал” ғалаба қозонган бўлса, 20 баҳсда “Бунёдкор” устун келган. Яна 4 та ўйин дуранг натижа билан якунланган. Муборакликлар рақиб дарвозасини 10 бор ишғол этган бўлса, “қалдирғочлар” 49 та гол урган. Айни дамда пойтахт клуби Суперлига жадвалида 10 очко билан бешинчи ўринда бораётган бўлса, "Машъал" очкосиз сўнгги ўринда қолмоқда.
Андижонда ўтадиган бу галги "водий дербиси" ҳақида тўхталадиган бўлсак, клублар миллий чемпионат доирасида шу кунга қадар 58 марта ўзаро куч синашган. Уларда “Андижон” 13, “Навбаҳор” 28 бор ғалаба қозонган. Қолган 17 ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати эса 59:83 кўринишида бўлиб, устунлик наманганликлар томонида.
Ўтган мавсум натижаларига назар ташлайдиган бўлсак, биринчи даврада Наманганда ўтган учрашув 2:2 ҳисобида якунланган. Иккинчи даврада эса “Навбаҳор” меҳмонда 0:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ҳозирда "Навбаҳор" ҳисобида 9, "Андижон"да эса 6 очко бор.
Маълумот учун, Суперлиганинг 6-турида 8 апрель куни “Қўқон-1912” ўз майдонида “Насаф”ни синовдан ўтказса, ОКМК — “Сурхон” ҳамда “Динамо” — “Сўғдиёна” жамоалари ўзаро куч синашади.
Турнинг сўнгги учрашувлари 9 апрель кунига белгиланган. Жумладан, марказий беллашувлардан бири сифатида “Нефтчи” ва “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги баҳс эътироф этилмоқда. Шунингдек, “Бухоро” — “Қизилқум” учрашуви ҳам бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА