Суперлига: Бугун марказий баҳслар бўлиб ўтади
Ўзбекистон Суперлигасининг 8-тури доирасида навбатдаги учрашувлар бўлиб ўтади.
Жумладан, турнинг марказий ўйини сифатида эътироф этилаётган "Нефтчи" ва "Насаф" жамоалари ўртасидаги тўқнашув соат 18:00 да старт олса, орадан бир соат ўтиб, "Машъал" ўз майдонида "Хоразм"ни қабул қилади. Куннинг сўнгги баҳсида эса "Пахтакор" ўз уйида "Динамо"га қарши майдонга тушади. Ушбу учрашув соат 20:15 да бошланади.

Мазкур учрашувлар аввалида жамоаларнинг ўзаро ўйинлар статистикасини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Аввало, айни дамда Суперлигада биринчи ўринда бораётган “Пахтакор” жамоасининг “Динамо” клубига қарши ўтказган ўйинлари ҳақида тўхталамиз. Ушбу клублар чемпионатлар тарихида 54 учрашувда тўқнаш келган. Унда "Пахтакор" 40 ғалаба, 7 дуранг ва 7 мағлубиятни қайд этган. Рақиб дарвозасига 109 тўп киритиб, 31 гол ўтказиб юборилган.
Тошкентда ўтказилган 27 учрашувнинг 24 тасида "Пахтакор" зафар қучган. Уч бор эса Самарқанд жамоаси устун келган. Ўзаро ўйинларда энг йирик ғалаба 6:0 - пойтахт жамоаси фойдасига.
Энди эса Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” марказий ўйингоҳида бўлиб ўтадиган “Нефтчи” ва “Насаф” жамоалари ўртасидаги ўзаро тўқнашувлар ҳақида.
Мазкур қарама-қаршилик миллий чемпионатнинг энг принципиал беллашувларидан бири сифатида эътироф этилади. Жамоалар шу кунга қадар Суперлига (Олий лига) доирасида 54 марта ўзаро тўқнаш келган. Уларнинг 20 тасида “Нефтчи” ғалаба қозонган бўлса, 12 та учрашув дуранг натижа билан якунланган. 22 бор “Насаф” устун келган. Голлар нисбати ҳам қаршиликлар фойдасига — 68:59.
Тарихдаги энг йирик ғалабалардан бири 1999 йил 23 май куни қайд этилган бўлиб, ўшанда фарғоналиклар рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этган. 2003 йил 23 августдаги баҳсда эса “Насаф” 4:1 ҳисобида устун келган. Сўнгги йилларда Фарғонада ўтган ўзаро ўйинларда “Нефтчи”нинг маълум устунлиги кузатилмоқда. Хусусан, охирги беш учрашувнинг учтасида майдон эгалари ғалаба қозонган, бирида дуранг қайд этилган.
Куни кеча Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган навбатдаги учрашув ўтказилди. Унда Миржалол Қосимов бошқарувидаги ОКМК ўз уйида "Бухоро"ни қабул қилиб, 3:2 ҳисобида зафар қучди. "Локомотив" — "Навбаҳор" учрашуви "лочинлар" фойдасига 2:0 ҳисобида ўз ниҳоясига етди. "Сурхон" эса "Қизилқум"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА