Суперлига: 22-тур баҳслари Намангандаги учрашув билан бошланади
Ўзбекистон Суперлигасида бугун 22-тур баҳслари старт олади. Турнинг илк учрашуви Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионида ўтказилиб, унда «Навбаҳор» ва «Динамо» жамоалари ўзаро куч синашади.
Ушбу учрашув олдидан жамоаларнинг миллий чемпионатимиздаги ўзаро ўйинлари статистикасига назар ташлаймиз.
Клублар шу кунга қадар 55 марта ўзаро тўқнаш келган. Баҳсларнинг 31 тасида «Навбаҳор» ғалаба қозонган бўлса, 13 учрашув «Динамо» фойдасига якунланган. Яна 11 баҳсда ғолиб аниқланмаган. Тўплар нисбати ҳам «Навбаҳор» фойдасига — 96:47.Жамоалар ўртасидаги энг йирик ҳисоблар 1996 ва 1997 йилларда Наманганда қайд этилган. Ҳар икки учрашувда ҳам «Навбаҳор» йирик ғалабага эришган — дастлаб 6:0, кейинги мавсумда эса 7:1 ҳисобида.
«Динамо» шу кунга қадар Наманганда «Навбаҳор» устидан ғалаба қозона олмаган. Мазкур шаҳарда ўтказилган 27 та ўзаро учрашувнинг 20 тасида мезбонлар зафар қучган, 7 баҳсда эса дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати — 59:11, «Навбаҳор» фойдасига.
Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган қолган учрашувлар 19–21 сентябрь кунлари ўтказилади.
19 сентябрь, 18:00: «Машъал» — «Пахтакор»;
19 сентябрь, 20:15: «Бунёдкор» — «Бухоро»;
20 сентябрь, 17:15: «Андижон» — «Насаф»;
20 сентябрь, 18:00: «Сурхон» — «Қўқон-1912»;
20 сентябрь, 19:00: «Сўғдиёна» — ОКМК;
20 сентябрь, 19:30: «Локомотив» — «Нефтчи»;
21 сентябрь, 20:15: «Хоразм» — «Қизилқум».
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА