"Human Capability Initiative – 2025" халқаро конференцияси доирасида мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова "Ҳамма учун IT саводхонлиги: Барқарор салоҳият учун тенг имкониятлар" мавзусидаги вазирлар давра суҳбатида иштирок этди.
Мазкур муҳокамада Европа, Осиё, Африка ва Яқин Шарқдан 13 нафар таълим вазири, шунингдек, Жаҳон банки, ИҲТТ ва Гарвард университети каби халқаро тузилмаларнинг 4 нафар етакчи мутахассиси қатнашди.
Тадбир сунъий интеллект технологияларининг таълим ва меҳнат бозорига таъсири, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш стратегияларига бағишланди.

Вазир Ҳилола Умарова ўз чиқишида Ўзбекистонда рақамли ва сунъий интеллект саводхонлигини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб, бу жараённи мактабгача таълимдан бошлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ушбу йўналишда мактабларда дастурлаш, робототехника ва рақамли тафаккур бўйича дарслар жорий этилиши, ўқитувчиларни рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш бўйича тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг йўлга қўйилиши, "Бир миллион дастурчи" дастури орқали ёшлар ва катталарга онлайн форматда IT ва сунъий интеллект кўникмаларининг ўргатилиши каби ташаббусларнинг амалга оширилишига эътибор қаратилишини қайд этди.

Шу билан бирга, вазир айрим касбларнинг сунъий интеллект технологиялари таъсирида йўқолиб кетиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда, аҳолини қайта ўқитиш ва янги мутахассисликларга йўналтириш муҳимлигини айтиб ўтди.
Энг муҳими, сунъий интеллект имкониятларидан ҳамма фойдаланиши учун – қишлоқ ҳудудлари, қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун рақамли тенгликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА