Сунъий интеллект ҳаётимизни қай даражада ўзгартиради?
Бугунги кунда сунъий интеллект ҳаётимизнинг турли жабҳаларига тез суръатларда кириб келмоқда.
Энди у фақат технология соҳаси эмас, балки таълим, тиббиёт, бизнес ва кундалик турмушнинг ҳам ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Шу боис, унинг имкониятларини ўрганиш ва тўғри фойдаланиш бугуннинг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Шу боис, 29 июнь куни Тошкентда “Сунъий интеллект 101” номли халқаро ўқув курсига старт берилди. Икки кунлик дастур сунъий интеллект соҳасида замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, таълим жараёнига инновацион ёндашувларни жорий этиш ҳамда рақамли технологиялардан самарали ва масъулиятли фойдаланиш маданиятини ривожлантиришга қаратилган.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ҳамда Тони Блер Глобал Ўзгаришлар Институтининг Марказий Осиё бўйича директори Дэвид Хоффман иштирок этди.
Тадбир давомида мамлакатда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, рақамли иқтисодиёт учун малакали кадрлар тайёрлаш, таълим тизимига замонавий технологияларни жорий этиш ва инсон капиталини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўқув дастурининг биринчи куни сунъий интеллектнинг асосий тушунчалари, унинг таълим соҳасидаги аҳамияти, катта тил моделларининг ишлаш тамойиллари, инсон ва сунъий интеллект ўртасидаги мулоқот асослари ҳамда самарали промптлар яратиш усулларига бағишланди. Шунингдек, иштирокчилар сунъий интеллект воситаларидан ўқув материаллари тайёрлаш ва таълим жараёнларини таҳлил қилишда фойдаланиш бўйича амалий машғулотларда қатнашди.
Курснинг иккинчи кунида эса сунъий интеллектдан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланиш, илғор промптлар яратиш ва технологиялар билан боғлиқ эҳтимолий хавфларни баҳолаш бўйича билимлар берилиши режалаштирилган. Бу каби ташаббуслар рақамли келажакка тайёргарликнинг муҳим қисми сифатида баҳоланмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА