Сукунатда сўзлаган ранглар(+видео)2-қисм
Рассом Элнур Эгамов асарларида ҳаёт, жамият ва инсонга оид чуқур саволлар яширин. Унинг кўргазмалари санъат намойишидан кўра, томошабинни мулоҳазага чорловчи, кўнгилни безовчи суҳбатдир. Бу санъатнинг таъсир кучи нимада?
Рассомнинг ҳар бир асарида ҳаётга бўлган муносабат, жамиятдаги муаммолар ва инсонни ўйлантирувчи саволлар мужассам. Шу боис унинг ҳар бир кўргазмаси нафақат санъат намойиши, балки томошабинни мулоҳазага чорловчи ўзига хос суҳбатдир.
Элнур Эгамов қатор кўргазмалари билан санъат ихлосмандлари эътиборини қозонган. 2022 йилда «Парадокс», 2023 йилда «Носталгия», 2024 йилда эса «Миф: Унутилган афсоналар» номли кўргазмаларини тақдим этди.
Унинг асарларига назар ташлар экансиз, рассомнинг бу жамиятдаги ҳеч бир воқеа ва муаммога бефарқ эмаслигини ҳис қиласиз. Унинг санъатида савол бор, изланиш бор, баъзан эса жавоб топишга ундайдиган сукут бор. “Аёл”, “Оила”, “Отилмаган одам”, “Зангори экран”, “Ренессанс”, “Унутилган ДНК”, “Ёзилмаган қонунлар”, “Тумор”, “Динлар”, “Ғалаба” каби асарларида рассом инсон, жамият, хотира, қадрият ва замон ҳақидаги қарашларини турли образлар орқали ифодалайди.
Мунира Рамазонова, Дониёр Якубов, Искандар Исматов, ЎзА