Навоий шаҳридаги “Tинчлик Плаза” меҳмонхонасида “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш давр талаби” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган суғурта ташкилотлари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди. Унда “Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси” вакили, Суғурта ташкилоти вакиллари сўзга чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлар учун суғурта ҳимоясининг аҳамияти, мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш, соҳада рақобатни кучайтириш, тартибга солиш тизимини янада соддалаштириш, аҳолига замонавий ва сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, 2024 йилнинг 1 сентябридан бошлаб барча турдаги суғурта полислари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида расмийлаштирилмоқда. Бу эса суғурта хизматлари истеъмолчиларига масофавий шаклда жараёнларни амалга ошириш имкониятини бермоқда.
[gallery-23594]
– Ҳозирда республикамизда қонун ва қонуности ҳужжатлари билан мажбурий суғуртанинг 20 га яқин тури мавжуд бўлиб, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги ҳамда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш оммалашган, – дейди “Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси” вакили. – Суғурта бозори статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 2024 йилда жами йиғилган суғурта мукофотлари 9,8 триллион, суғурта тўловлари эса 2,2 триллион сўмни ташкил этди. Ўтган йилда мажбурий суғурта бўйича тўловлар 352 миллиард сўмни қайд этиб, 2023 йилга нисбатан 47 фоизга ошган.
Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган фуқароларга тўланадиган суғурта пули миқдори 40 миллион сўмни ташкил этиб, суғурта пулининг 35 фоизи, яъни, 14 миллион сўми йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи – 26 миллион сўми жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилади.
– Амалдаги суғурта жавобгарлиги миқдори 2019 йилда белгиланган бўлиб, бугунги кунда транспорт воситалари учун суғурта миқдори йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарни тўлиқ ва ўз вақтида қоплаб бериш имконини бермаяпти, – дейди суғурта ташкилоти вакили. – Бундан ташқари, 2008 йилда белгиланган 3000 АҚШ доллари миқдоридаги суғурта жавобгарлиги, деярли амалдаги суғурта жавобгарлиги билан баробар ҳисобланади. Бу ўз навбатида мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Ушбу ўзгаришлар, энг аввало, соҳада самарадорликни ошириш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилиши билан аҳамиятли ҳисобланади. Шунга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида суғурта пули миқдорини икки баравар ошириш зарурияти юзага келмоқда.
Семинарда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишнинг зарарлик даражаси вилоятлар кесимида таҳлил қилинди. Жумладан, Навоий вилоятида 2025 йилнинг ўтган 4 ойи давомида 53830 та суғурта шартномаси тузилган бўлиб, 82 ҳолатда суғурта даъвоси юритилган ва 791,8 миллион сўм қоплаб берилган.
Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари