Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и
Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилмоқда.
Суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ–5729-сон Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида:
1. Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.
2. Судьялар олий кенгаши (кейинги ўринларда – Кенгаш) ва Олий суднинг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларига розилик берилсин:
а) 2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик
ва шаффофликни таъминлаш борасида:
илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил
1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантириш.
3. Судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувнинг олдини олиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йилдан бошлаб:
судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик ҳолатлари юзасидан
Кенгаш раиси томонидан киритилган тақдимнома прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиб, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Кенгашга Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан хабар берилади;
судьяларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга тегишли малака ҳайъатлари розилиги билан йўл қўйилади;
суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш, одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва тизимда коррупцияга қарши курашиш ҳолати юзасидан Кенгаш раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига йил якуни бўйича ахборот тақдим этиб борилади.
4. Кенгашнинг судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги қуйидаги таклифлари маъқуллансин:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий қилиш;
Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш;
Судьялар касбий тайёргарлигини ташкиллаштириш шўъбасини тугатиш;
Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси негизида матбуот хизмати ва биринчи бўлим, шунингдек, ижро аппарати негизида ахборот-таҳлил, мурожаатлар билан ишлаш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тузилмалари ҳамда архив ва девонхона ташкил этиш;
Кенгашга келиб тушаётган шикоятларни умумлашма таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш борасида судьялар малака ҳайъатлари билан биргаликда аниқ чоралар белгилаш вазифасини юклаш;
судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, “Ибратли судья” мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишонини жорий этиш;
Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини (кейинги ўринларда – Клуб) ташкил этиш.
Белгилансинки, Клуб ўз фаолиятини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади ва унинг доимий масъул аъзолари таркиби кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.
5. Кенгаш (Х.Б.Ёдгоров) бир ой муддатда:
Судьялар ассоциацияси (У.Қ.Мингбоев) ва Олий суд (К.Ф.Камилов) билан биргаликда Клуб ташкил этилиши ва фаолиятини бошлаши
бўйича чоралар кўрсин;
“Ибратли судья” мукофоти ҳамда “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқласин.
6. Кенгаш раисининг доимий асосда фаолият юритувчи ўринбосари лавозими жорий этилиши муносабати билан Судьялар олий мактабининг Илмий ва ахборот-таҳлилий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозими тугатилсин.
7. Кенгаш ҳузурида судьялар ҳамжамияти органи бўлган ва ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадиган судьяликка номзодларнинг Судьялар олий мактабига кириш ва якунлаш имтиҳонлари натижаларидан норози бўлиб берган мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича имтиҳон комиссияси тузилсин ҳамда унинг қарорлари устидан Кенгашга шикоят қилиш тартиби белгилансин.
8. Қуйидагилар:
Суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;
Судьялар олий кенгашининг янги тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилансинки, Кенгашда ташкил этилаётган янги тузилмалар ва лавозимларнинг шакллантирилиши Кенгаш тузилмасини мақбуллаштириш натижасида бўшаётган 4 та штат бирликлари ҳисобидан амалга оширилади.
9. Кенгаш (Х.Б.Ёдгоров) Олий суд (К.Ф.Камилов) ва Судьялар ассоциацияси (У.Қ.Мингбоев) билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда суд органлари тизимида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимларида коррупцияга нисбатан муросасизлик иммунитетини шакллантириш борасида комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.
10. Кенгаш манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси
Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Р.Иноятов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 7 декабрь