Судья эътиборсизлик, таваккалчиликка йўл қўймаслиги керак
Бунинг сабаби – ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамияти шароитида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади.
Президентимиз ҳар гал суд тизими, унинг мустақиллигини амалда таъминлаш ҳақида гапирганида адолат тушунчаси, унинг халқимиз ҳаётида нақадар муҳим аҳамият касб этишини батафсил тушунтиради.
Бунинг сабаби – ҳуқуқий демократик давлат ва очиқ, эркин фуқаролик жамияти шароитида адолатни қарор топтириш суд ҳокимияти орқали амалга оширилади.
Президентимиз шу йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишда ҳам судлар фаолиятига алоҳида тўхталиб, «Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак», дея таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг биргина ушбу фикри мамлакатимиздаги барча судьялар ва суд тизими ходимлари олдига залворли вазифаларни қўйди, улар зиммасига жуда катта масъулият юклади. Бу талабларни бажариш ҳар бир судья фаолиятининг асосий мақсади бўлиб қолиши шарт ва зарур.
Очиғи, кейинги уч йилда суд тизимининг шиддат билан демократик тарзда янгиланиши Ўзбекистондаги суд ҳокимияти ривожланишининг том маънода янги даврини бошлаб берди. Соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимояси кафолатларини кучайтириш ва одил судловга эришиш даражаси ошди. Ўтган қисқа давр ичида замонавий концепцияга асосланган мутлақо янги ягона суд тизими яратилди. Шу тариқа суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини амалда таъминлаш имконияти вужудга келди.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда судларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Суд Ўзбекистон давлати номидан қарор қабул қилади. Шундай экан судья судьялик мақомига мос киши бўлиб шаклланиши учун янада батафсилроқ, қонунларда ёзилмаган, аммо амал қилиши лозим бўлган инсонийлик фазилатларга ҳам қатъий риоя этиши зарур. Судья қандай масалани ҳал қилишидан қатъи назар ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлишни ўзига шиор қилиб олиши лозим. Бунинг учун ўз касбининг билимдони, ҳаётий тажрибага эга бўлган, ҳар томонлама етук, савияси баланд ва ҳуқуқий маданиятли шахс бўлиши, судни одилона ўтказиши керак.
Шу жиҳатдан одил судловни амалга ошириш ҳар бир судьянинг асосий иши саналади. Жорий йилнинг ўтган беш ойи давомида бу принципга қатъий амал қилиш бош мақсадимиз бўлди. Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Бу даврда 1509 нафар шахсга нисбатан 1258 та жиноят иши кўриб тамомланди. Ваҳоланки, 2019 йилнинг шу даврида 1558 нафар шахснинг жиноят иши кўрилган. Таҳлил қилинаётган даврда 360 (252) та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан Жиноят кодексининг 661-моддасига асосан тугатилиб, 379 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. 2019 йилда ярашганлик ҳолати 282 та эди.
Бу мисолларни бежиз келтирмадим. Ҳар бир жиноят иши ортида инсон тақдири ётади. Шу маънода судьялик касбида ишчанлик, ҳушёрлик, ҳаёт тажрибасини мукаммал эгаллаган, тинимсиз ҳаракат, машаққатли меҳнат ва етти ўлчаб, бир кесиш мақолига амал қилиш одат тусига айланмоғи зарур. Судьялар Президент ва халқнинг ишончига сазовор бўлишлари учун тегишли қонунларда кўрсатилган ваколати ва мажбурияти доирасида, масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ўз фаолиятини самимият билан, беғараз бажариши керак.
Дарвоқе, Президентимиз 2018 йилда Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик устувор бўлиши лозим», деган пурмаъно гапни айтган эди. 30 июнь куни ўтказилган йиғилишда ҳам бу калом бот-бот такрорланди.
Дарҳақиқат, иши судга тушган ҳар қандай шахс судьядан фақат ҳақиқат ва адолат кутади. Шунинг учун судья ўз иш фаолиятида эътиборсизликка ёки таваккалчиликка йўл қўйиши асло мумкин эмас.
Олим ҲАЙИТОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раиси