Судлар фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш янги босқичда
Давлатимиз раҳбари томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон имзоланди.
Ушбу ҳужжат одил судловнинг сифати ва шаффофлигини янада ошириш, суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур фармонда белгиланган вазифаларнинг ижроси биринчи навбатда одил судловнинг сифати ва шаффофлигини янада оширишга, суд тизимини изчил демократлаштиришга, суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлашга олиб келади.
Ҳуқуқшунос сифатида фикрларимни давом эттирадиган бўлсам, фармонда назарда тутилган холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида суд тизимидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларнинг амалга оширилиши ниҳоятда ўринли.
Жумладан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши жуда ўринли.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, айрим туманлар иқтисодий судларининг тугатилиши, ёки фуқаролик ишлари бўйича баъзи бир туман судларининг, худди шундай жиноят ишлари бўйича бир қатор туманлар судларининг ташкил этилиши кўплаб фуқаролар учун қулайлик туғдиради.
Фармонда суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш масаласининг белгиланганлиги алоҳида диққатга сазовор. Чунки, суд ишларининг қайта-қайта бир нечта инстанцияларда назорат тартибида кўрилиши, фуқароларнинг овора бўлишига, судларда иш ҳажмининг асоссиз ва мақсадсиз ортишига, қолаверса, коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг вужудга келишига сабаб бўлади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши суд амалиётидаги айрим муаммоларни бартараф қилади. Бу амалиёт бугунги кунда бир қатор Европа ҳамда Осиё давлатларида жорий этилган.
Маълумки, сўнгги йиллардаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида Маъмурий судлар вужудга келди. Бу судлар асосан, оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослаштирилди. Ташкил этилганидан кейинги даврдаги амалиёт маъмурий судларни ҳам такомиллаштириш заруриятини вужудга келтирди. Шунинг учун, фармонда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш назарда тутилди.
Шунингдек, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш белгиланди.
Шу билан биргаликда, фармонда фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судининг ташкил этилиши жуда ўринли эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Сабаби, Самарқанд вилояти туманлари орасида тадбиркорликнинг ривожланиши, аҳолисининг кўплиги ва бошқа жиҳатлари билан алоҳида ажралиб турадиган бу туманда фуқаролик ишлари бўйича суд ташкил этиш зарурати бор эди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, фармонда назарда тутилган вазифаларнинг амалга оширилиши моҳият-эътибори билан судлар мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалда тўлиқ ҳимоя қилишга, бир сўз билан айтганда, мамлакатда ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир АРСЛОНОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Самарқанд вилояти судининг судьяси