Илк бор инклюзив таълим жорий этилди
Бундан ташқари, мазкур қонун билан педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари белгилаб қўйилди.
Янги қонун кучга кирди
Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозаларига мос шароитларда замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етишини таъминлаш, уларнинг қобилият ва истеъдоди, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида таълим ва илм-фан соҳаларини такомиллаштириш борасида қатор вазифалар белгиланган. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини такомиллаштириш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шунингдек, илғор хорижий тажрибага мос равишда таълим тизимини яратиш бўйича бир қанча ўзгаришлар қилинди.
Жумладан, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, 2020 йилнинг 23 сентябрь кунидан кучга кирди. Ушбу қонунга кўра, илк бор инклюзив таълим жорий этилди. Инклюзив таълим алоҳида таълим эҳтиёжлари ва индивидуал имкониятларнинг хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда барча илм олувчилар учун таълим муассасаларида таълим олишга бўлган тенг имкониятларни таъминлашга қаратилган билим олиш шакли ҳисобланади.
Шунингдек, умумий ўрта таълим I-XI синфларни ўз ичига олиб, ўрта махсус таълим академик лицейларда 9 йиллик таянч ўрта таълим асосида 2 йил мобайнида амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Профессионал таълим бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим даражаларига ажратилди. Эндиликда бошланғич профессионал таълим касб-ҳунар мактабларида IX синф битирувчилари негизида кундузги таълим шаклида 2 йиллик интеграциялашган дастур асосида бепул амалга оширилиши ҳамда ўрта профессионал таълим коллежларида давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги 2 йилгача бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга оширилиши белгиланди. Ўрта махсус профессионал таълим техникумларда давлат буюртмаси ёки тўлов-шартнома асосида давомийлиги камида 2 йил бўлган кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари бўйича амалга ошириладиган бўлди.
Қонунга мувофиқ, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиалларини Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этиш ҳамда нодавлат таълим муассасаларини жорий этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия эса Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилиши кўзда тўтилган.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан педагог ходимларнинг мақоми ва улар фаолиятининг кафолатлари белгилаб қўйилди. Хусусан, педагог ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватланиши, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилиши ҳамда ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар берилиши кўрсатиб ўтилган.
Таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик бўйича ҳам бир қанча нормалар белгиланиб, бунда соҳадаги ваколатли давлат бошқаруви органлари хорижий давлатларнинг тегишли ваколатли органлари, таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқароларни хорижий давлатларнинг таълим муассасаларига ўқиш учун юбориши, педагог ходимлар ва таълим олувчилар алмашинувини амалга ошириши, раҳбар ҳамда педагог ходимларни хорижий давлатларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. Унда ўз ходимлари ҳамда мутахассисларини халқаро конференцияларга ва стажировкаларга юбориш, уларнинг халқаро лойиҳалар ҳамда илмий тадқиқотларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб бориши белгилаб қўйилди.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу қонун билан жорий қилинаётган янгиликлар таълим муассасаларида педагог кадрлар салоҳияти ва таълим сифатининг оширилишида, олий таълим муассасаларига энг иқтидорли ёшларнинг қабул қилинишида, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ҳамда тизимли ўзгаришларда таълим муассасаларининг фаол иштирок этишини таъминлашда қўл келади.
Дилфуза АБДУЛЛАЕВА,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали кафедраси мудири в.б.