Судга нисбатан ҳурматсизлик маъмурий жавобгарликка сабаб бўлди
Одатда икки ва ундан ортиқ тараф ўртасида бирор масалада низо келиб чиқса, бу суд тартибида ҳал қилинади. Яъни, тарафлардан бири судга даъво ариза киритади. Натижада суд томонидан ишни кўриш куни, вақти ва жойи белгиланиб, бу хусусда ажрим чиқарилади. Бироқ, даъвогар ва жавобгарнинг ёки уларнинг қонуний вакиллари суд мажлисига келмаслиги ҳам судга, ҳам қонунга нисбатан ҳурматсизлик.
Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судида судга ҳурматсизлик қилган даъвогарларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди.
Масалан, Чуст туманида яшовчи фуқаро Алишер Исмаилов судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, Давлат кадастрлари палатасининг Чуст тумани филиалига нисбатан ўзига тегишли бўлган – Чуст тумани “Зарафшон” МФЙ Наманган йўли кўчаси 24-уй ва шу кўчанинг 129-уйида жойлашган нотурар обеъктларга нисбатан қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш рухсатномаси ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш мажбуриятини юклашни сўраган. Албатта, суд ажрими билан мазкур даъво ариза юзасидан фуқаролик иши қўзғатилган.
Сўнгра дастлабки суд мажлиси 2025 йил 5 август кунига тайинланган. Бироқ жавобгар судга келмагани боис ишни кўриш 2025 йил 12 август кунига қолдирилган. Бу ҳақда ҳам тарафлар тегишли тартибда хабардор қилинган. Лекин жавобгар иккинчи маротаба ҳам судга келмаган.
Оқибатда суд мажлиси 2025 йил 19 август кунига тайинланган. Ўша кунги суд мажлисида Давлат кадастрлар палатаси Чуст тумани филиали мутахассиси Аббос Тошматов иштирок этиши учун берилган ишончнома судга етиб келган. Аммо кадастр идораси вакили учинчи маротаба ҳам суд чақирувига итоатсизлик қилган. Бояқиш даъвогар ҳар гал овора-ю сарсон бўлиб қайтиб кетаверган.
Ёки Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси фуқаролар Абдураҳмон Аҳмаджонов, Ҳабибулла Мамажонов, Шукрулло Хонхўжаев, Абдулбоқи Убайдуллаев, Нурдинбой Эргашовларга нисбатан ноқонуний қурилмани ўз ҳисобидан бузиш ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини дастлабки ҳолатига қайтариш мажбуриятини юклашни сўраб, судга даъво ариза киритган.
Шу боис одатдагидек фуқаролик иши қўзғатиш ва суд мажлисини тайинлаш, тарафларни суд мажлисининг жойи ва вақти тўғрисида тегишли тартибда хабардор қилиш юзасидан ажрим чиқарилган.
Кадастр агентлиги Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи томонидан имзоланган тегишли ишончномага биноан, ушбу суд мажлисида Кадастр агентлиги Тўрақўрғон туман бўлими ходимлари Жобирхон Маҳмудов ҳамда Нодиржон Бойқўзиевлар иштирок этиши белгиланган. Лекин иккала ходим ҳам такрор-такрор судга келмасдан ҳурматсизлик қилган.
Фақатгина учинчи маротаба суд мажлисига 2 соатга яқин вақт кеч қолиб келган. Бу эса жавобгарларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.
Фуқаролик процессуал кодексининг 6-моддасида суд қонунда ўзининг ваколатига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш натижалари бўйича қарор чиқариши мумкинлиги белгиланган. Кодекснинг 150-моддасига мувофиқ эса суд мажлисида тартибни бузган ёки судга бошқача тарзда ҳурматсизлик билдирган шахс суд томонидан маъмурий жавобгарликка тортилади.
Судга ҳурматсизлик гувоҳ, даъвогар, жавобгар, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки ушбу шахслар ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчининг фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси вақтида тартибни бузишида намоён бўлади.
Судга ҳурматсизлик кўрсатилгани факти аниқланганлиги тўғрисида ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган суд мажлисининг ўзида алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кирмасдан судья (суд таркиби) томонидан ҳуқуқбузарга дарҳол эълон қилинади. Мазкур факт суд мажлиси баённомасида қайд этилади. Бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайди. Судга ҳурматсизлик кўрсатилгани факти аниқланган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи бошқа шахслар ўз тушунтиришларини беришга ҳақли.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-4-моддасига асосан, фуқаролик ишлари бўйича судлар фуқаролик ишларининг муҳокамаси чоғида маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган ҳолларда ушбу Кодекснинг 180 ва 181-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади. Кодекснинг 180-моддасига асосан гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар, жавобгар, ишда қатнашувчи бошқа шахсларнинг судга келишдан қасддан бўйин товлашида ёки мазкур шахсларнинг ва бошқа фуқароларнинг раислик қилувчи фармойишига бўйсунмаслигида ёхуд суд мажлиси пайтида тартибни бузишда ўз ифодасини топган судга ҳурматсизлик –базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ана шу асосланган суд Давлат кадастрлар палатасининг Чуст тумани филиали бошлиғи Жавоҳир Абдулҳамидов, филиал мутахассиси Аббос Тошматов ва Кадастр агентлиги Тўрақўрғон туман бўлими ходими Жобирхон Маҳмудовга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида ҳамда Нодиржон Бойқўзиевга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маъмурий жарима қўллаш хусусида қарор қабул қилди.
Таъкидлаш лозимки, суд мажлисининг тайинланиши, вақти ва жойи бўйича чиқарилган суд ажрими бажарилиши мажбурий. Негаки, Бош қомусимизнинг 138-моддасида “Суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслари ҳамда фуқаролар учун мажбурийдир” дея қайд этилган. Шундай экан, суд мажлисига келмай ёки унга бошқача тарзда ҳурматсизлик қилиш кечирилмас ҳолат. Буни ҳеч ким унутмаслиги керак.
Отамурод СИДДИҚОВ,
фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманлараро судининг судьяси.
ЎзА