Суд тизимида инсон омилини камайтириш мақсадида иккита йирик электрон платформа ишлаб чиқилади
Муносабат

Адолат худди тоза ҳаводек гап, у бор жойда бемалол нафас оласан, аммо озгина бузилса, бутун жамият буғила бошлайди. Инсон ҳуқуқи, қадр-қиммат ва қонун устуворлиги ҳақида гапирганда, кўз олдимизга биринчи бўлиб суд идоралари келиши бежиз эмас. Зеро, фуқаронинг давлатга, адолатга ва келажакка бўлган ишончи айнан суд остонасида шаклланади ёки шу ерда синади.
Президентимиз томонидан имзоланган, судларда комплаенс назорат тизимини кучайтиришга оид янги фармон, ҳеч муболағасиз, соҳада узоқ кутилган қадам бўлди. Мазкур ҳужжат суд тизимида 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш бўйича эълон қилинган “фавқулодда ҳолат”дан келиб чиқадиган вазифаларни самарали ижро этиш, тизимда коррупцияга оид хавф-хатарларни барвақт бартараф этиш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди.
Хусусан, ҳужжатда суд идоралари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун учта асосий йўналиш белгилаб берилган. Биринчидан, судларда замонавий комплаенс назорат тизимини жорий этиш орқали хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва баҳолаш, коррупция омилларини барвақт бартараф этиш назарда тутилган. Иккинчидан, меритократия тамойилига асосланган ҳолда, суд аппарати ходимларини ишга қабул қилишни очиқ ва шаффоф танлов асосида йўлга қўйиш ҳамда уларнинг касбий ўсишини фақат билими, салоҳияти ва ҳалол хизмати асосида баҳолаш тизими жорий этилади. Учинчидан эса, суд органларининг жамиятдаги нуфузи ва обрўсини ошириш орқали уларни ислоҳотларнинг чинакам кўмакчисига айлантириш мақсад қилинган.
Янги тартибга кўра, суд тизимида назорат функциялари аниқ тақсимланди. Эндиликда судьялар корпусига нисбатан назоратни Судьялар олий кенгашининг Суд инспекцияси амалга оширади. Суд аппарати ва Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ходимлари фаолиятини эса Олий суднинг янги ташкил этилаётган Комплаенс назорат хизмати назорат қилади. Ушбу тизимни йўлга қўйиш учун Олий суд аппаратида тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсунувчи 3 та штат бирлигидан иборат марказий хизмат ташкил этилади. Шунингдек, Ҳарбий суд, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида жами 15 та комплаенс назорат бўйича инспектор лавозимлари жорий этилади.
Инспекторлар маҳаллий суд раҳбарларига қарам бўлмайди. Бу лавозимларга ҳалол, пок, олий юридик маълумотли ва суд-ҳуқуқ соҳасида камида 5 йиллик иш стажига эга бўлган номзодлар тайинланади. Уларга ходимларнинг одоб-аҳлоқи ва ўзини тутиши билан боғлиқ масалаларда хизмат текширувлари ўтказиш ваколати берилмоқда. Шунингдек, суд аппарати ходимларининг масъулиятини ошириш мақсадида улар учун махсус хизмат кийими жорий этилиши белгиланган.
Шу билан бирга, суд тизимида инсон омилини камайтириш ва кадрлар маъмурчилигини замон талабларига мослаштириш мақсадида 2026 йил якунига қадар иккита йирик электрон платформа ишлаб чиқилади. Булардан биринчиси, “vacancy.sud.uz” портали бўлиб, у вакант лавозимларни эълон қилиш, номзодларни очиқ танлов асосида саралаш ва ишга қабул қилиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштиради. Иккинчиси эса “SudHR” электрон платформаси бўлиб, у ходимлар билан ишлаш, уларнинг фаолиятини мониторинг қилиш ва коррупцияга оид хавф-хатарларни бошқаришга хизмат қилади
Фармон билан тасдиқланадиган муҳим ўзгартиришлардан яна бири бу–суд аппарати ходимлари учун қатор жиддий чекловлар киритилганлигидир. Унга кўра, муқаддам коррупцияга оид жиноят содир этган шахслар тизимга ишга қабул қилинмайди. Ножўя хатти-ҳаракатлари учун нотариус, адвокат, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан бўшатилган шахслар уч йил давомида суд тизимига ишга олинмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очиш, у ерда кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ман этилади. Ходимлар ва улар оила аъзоларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиб, манфаатлар тўқнашуви ва маҳаллийчилик ҳолатларига йўл қўйилмайди.
Фармонда судьялар фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Олий судга уч ой муддатда суд ишларини автоматик тақсимлаш дастурини янада такомиллаштириш вазифаси юклатилди. Бунда ишларни тақсимлаш мезонлари аниқ белгиланади ва ишни бир судьядан бошқасига асоссиз ўтказиш ҳолатларининг олди олинади.
Президент фармонида белгиланган вазифалар “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида илгари сурилган суд-ҳуқуқ соҳасидаги туб ислоҳотлар ва инсон қадрини улуғлашга қаратилган мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Хусусан, партия дастуридаги судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ҳамда судларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тез ва сифатли ҳимоя қилиш ташаббуслари фармондаги комплаенс назорат тизими билан чамбарчас боғланади.
Давлат раҳбари томонидан суд тизимини ич-ичидан соғломлаштириш ва коррупция омилларини барвақт тўсиш бўйича жорий этилаётган кескин чоралар партиянинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд ҳокимиятига нисбатан халқ ишончини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА