Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб бориляпти.
Суд фахрийларига одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьялар учун Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан “Суд фахрийси” кўкрак нишонини жорий этиш белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Судьялар олий кенгаши қарори билан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллик самарали фаолияти учун икки нафар суд фахрийси Талхат Ходжиметов ва Баходир Эшонов “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар қилди.
Ҳозирда кексалик гаштини сураётган суд фахрийси Талхат Ходжиметов 92 ёшда. 37 йиллик иш фаолияти давомида Сурхондарё вилояти Шўрчи туман суди раиси, Сурхондарё вилояти Шеробод туман суди раиси, Сурхондарё вилояти судининг раиси, Тошкент шаҳар Учтепа туман судининг раиси бўлиб ишлаган.
80 ёшни қаршилаган суд фахрийси Баходир Эшонов эса 21 йилдан ортиқ шу касбнинг нонини еб, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари, Олий суд раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси сифатида фаолият юритган.
Судьялар Ассоциацияси раиси ўринбосари Файзулла Абдуазимов, Ўзбекистон суд тизими фахрийларини ижтимоий қўллаб қувватлаш Жамоатчилик марказининг Олий суд бўлими бошлиғи Каримжон Саидов, Ўзбекистон судьялар ассоциацияси Тошкент шаҳар филиали раиси Учқун Қурбонов ва устозлар изидан бориб самарали меҳнат қилаётган Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди раиси Дилшод Камилов, Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди раиси Зафар Бобонов икки нафар суд фахрийсининг хонадонига ташриф буюришди. Судьяликдан нафақага чиққан, масъулиятли лавозимларда виждонан меҳнат қилиб, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган икки нафар суд фахрийси – Талхат Ходжиметов ва Баходир Эшоновга кўкрак нишони ва тегишли гувоҳномани топширишди.
ЎзА