Суд мажлисида смартфон орқали масофадан иштирок этиш мумкинми?
Судлар фаолиятига замонавий технологияларнинг кенг жорий этилаётгани судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришиш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.
2025 йил 12 мартда кучга кирган “Аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу соҳада янги қулайликлар яратди.
– Судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутмоқда, – деди Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов. – Олий суднинг “Adolat” ахборот тизимлари комплекси платформасида Интерактив хизматлар портали (my.sud.uz) ишга туширилди. Унда жисмоний ва юридик шахслар учун судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерактив хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди.
Статистик маълумотларга қараганда, 2022-2023 йилларда суд процесси иштирокчилари видеоконференцалоқа режимида суд мажлисини ўтказиш интерактив хизмати (vka.sud.uz)дан кенг фойдаланган. Жами 150 мингдан ортиқ суд мажлисида иштирок этилган ва бу амалда процесс иштирокчиларига енгиллик яратган.
Суднинг мобиль видеоконференцалоқа режимидаги мажлислари кибертаҳдидлардан ҳимояланган. Жараёнларда хавфсиз каналлар, хусусан, “OneID” ягона идентификация тизимида рўйхатдан ўтиб vka.sud.uz манзили орқали “TE Mobile” ва “TE Desktop” иловаларидан фойдаланган ҳолда замонавий шахсий алоқа қурилмалар (смартфон, планшет, ноутбук) воситасида иштирок этиш мумкин.
Бироқ фуқаролик, иқтисодий ҳамда маъмурий суд ишларини юритишда суд процесси иштирокчиларининг мобиль видеоконференцалоқа орқали суд мажлисида иштирок этишининг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас эди.
Шу сабабли, мазкур интерактив хизматлардан фойдаланиш учун яратилган барча ташкилий имкониятлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг процессуал ҳуқуқлари сифатида қонун даражасида кафолатлаб қўйишга, шунингдек, шаклланган амалиётни процессуал жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйиш зарурати юзага келди.
Янги қонун билан Фуқаролик процессуал, Иқтисодий процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартибини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.
Эндиликда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари белгиланган тартибда смартфон, планшет, ноутбук воситасида иштирок этиши мумкин.
Қонун аҳолининг суд мажлисларида қатнашиш учун суд биноларига келиш билан боғлиқ оворагарчилигининг олдини олади. Судлар фаолиятини рақамлаштиришни кенгайтириш орқали ишларни юритишда келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий омиллар бартараф этилади. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражаси ошади. Шунингдек, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи яхшиланади.
Норгул Абдураимова, ЎзА