Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари нима учун керак?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўпчиликни ўйлантираётган саволларга жавоб берилди.

Мурожаатномада бошқа кўплаб соҳалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари шунинг учун керакки, фуқаролар қонун устуворлигига, адолат барқарорлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, яқин тарихимизда бу борада халқ ишончи йўқотилди. Шу боис кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун жуда кўп заҳмат чекилмоқда.

Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидик, 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этишга қаратилган 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинган.

Бу нимани англатади? Биринчидан, мазкур тизим муаммолар гирдобида қолгани, одамлар адолат истаган соҳанинг ўзи, адолатга муҳтож бўлгани, иккинчидан, суд-ҳуқуқ тизими жуда юқори босим остида фаолият кўрсатгани, учинчидан, мазкур соҳада коррупция мавжудлиги, судларга ишонч бутунлай йўқолганидан далолат беради.

2016 йилда суд-ҳуқуқ тизимида бошланган ислоҳотлар туфайли бу борадаги муаммоларга ечим изланди. Натижада одамларда ишонч уйғона бошлади.

Президентимизнинг Мурожаатномадаги мана бу фикри мени жуда тўлқинлантириб юборди: “Суд-ҳуқуқ тизимидаги муаммолар мамлакатнинг халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатади...”

Бу нима дегани? Тизимда учраётган инсон ҳуқуқларига тажовуз қилиш иллати билан мутлақо муроса қилиб бўлмайди. Бугунги дунёда, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ҳар қандай давлат чегараларидан ўтиб, халқаро даражага чиқиб улгурди. Халқаро ташкилотлар, кузатувчилар, экспертлар мамлакатларга инсон ҳуқуқлари қай даражада ҳимоя қилинганига қараб баҳо бермоқда.

Демак кимларнидир бефарқлиги, лоқайдлиги оқибатида мамлакатнинг обрўйига путур етади, номи қора рўйхатларга киритилади. Бу муаммо барчани, аввало мутасаддиларни чуқур ўйлашга ундамоғи керак.

Яқин тарихимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси четга суриб қўйилганди. Бунинг оқибатида инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга ҳақидаги қарашлари асосан салбий эди. Бу ҳолат 2016 йилга келиб бартараф этилди.

Мурожаатномада келтирилганидик: “Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.”

Президентимизнинг юқоридаги фикрини ўқиб, ўйга толдим. Назаримда аввало, ҳуқуқшунослик фани ривожига алоҳида аҳамият қаратиш лозим. Шунингдек, ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш борасида ҳам ечимини кутаётган бир қатор масалалар бор. Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ қилиш ўта муҳим. Назария билан амалиёт ўртасидаги номувофиқликка барҳам бериш вақти аллақачон келган. Ҳар иккала йўналиш уйғунлаштирилмас экан, муаммолар давом этаверади.

Тўғри йиллар давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари барча учун ёпиқ бўлган. Лекин у даврлар ўтиб кетди. Бугун замонавий технологияларни, чет тилларни яхши биладиган, сиёсий саводхон, маданиятли, психология, этика, эстетика, тарих, маънавият фанларини чуқур ўзлаштирган ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашга алоҳида аҳамият қаратилиши лозим.

Ҳуқуқий-демократик давлатда суд ҳокимияти жуда катта нуфузга, салоҳиятга, қудратга эга. Бу биринчи навбатда мамлакат аҳолисининг ҳақ-ҳуқуқлари, ким томонидан бузилишидан қатъи назар, сўзсиз ҳимоя қилинишида намоён бўлади. Мамлакатимизда ўтказилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан асосий муддао ҳам аслида шу эмасми?

Демократик тамойиллар замирида ҳам мана шу мақсад мужассам. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон ҳужжатларида ҳам асосий эътибор мазкур масалага қаратилган. Демак, суд-ҳуқуқ тизимининг олдига қўйилаётган бош вазифа – бу инсон ҳуқуқларини мамлакат қонунчилиги ҳамда халқаро меъёрларда белгиланган даражада ҳимоя қилишдир.

Мурожаатномада жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиши, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши таъкидлади. Тўғрисини айтганда, бу муаммо энг оғриқли нуқтамиздир. Бу борада, инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистонга ўз эътирозини билдириб келаётган эди.

Инсонпарварлик тамойилларининг қўлланиши аввало, инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, жамиятни соғломлаштиришга хизмат қилади. Бугунги талаб ва халқаро стандартларга жавоб бермайдиган манзил-колонияларнинг қисқартирилиши жуда катта тарихий воқеадир. Бу оламшумул ташаббусни хорижлик экспертлар ҳам юқори баҳоламоқда. Президентимизнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси йўлидаги мазкур ислоҳотлари жаҳондаги жуда кўп давлатларга ўрнак қилиб кўрсатилмоқда.

Президентимиз Мурожаатномада Олий Мажлис палаталари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, қийноқларни олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини янада кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш кераклигига эътибор қаратди. Бу масала ҳам ўта муҳимлигини, фуқароларимизни ҳақли эътирозига сабаб бўлаётганини барчамиз биламиз. Бу борада халқимизнинг ҳам саволлари етарли. Давлатимиз раҳбари мазкур муаммони ҳам зудлик билан бартараф этиш чораларини кўришни алоҳида қайд этди.

Ўзбекистонда бугун жамоатчилик назорати институти фаолиятини кенгайтириш, бу борадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, мазкур йўналишда, аҳоли хабардорлиги ва саводхонлигини ошириш кун тартибида бўлиб турибди. Бу борада халқаро тажрибани чуқурроқ ўрганиш зарурлиги ҳам аён бўлмоқда.

Жамоатчилик назорати билан миллий менталитетимиз ўртасидаги ўзаро номутаносибликни чуқур таҳлил қилиш, одамларимиз, айниқса, ёшларимиз онгига сингдириш борасида ҳам тадқиқотлар, ижтимоий сўровлар олиб бориш ва ўтказиш вақти аллақачон келган. Ривожланган давлатларда жуда кўп ва катта-катта муаммолар жамоатчилик назорати институтининг ташаббуси, талаби билан ҳал этилади. Айниқса, мазкур институт суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар натижадорлигида ўта муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар фақат юқоридаги омилларга боғлиқ эмас. Бу борада ҳал этилиши муҳим бўлган яна бир масала борки, ундан кўз юмиб бўлмайди. Бу ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлашдир. Тўғрисини тан олиб айтганда, бу жабҳада ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор албатта.

Биринчидан, мазкур соҳада ўқиш, билим олишда фақат иқтидорнинг ўзи етарли эмас. Бўлғуси ҳуқуқшуносда аввало ватанпарварлик, адолат, виждон, инсоф бўлиши зарур. Мазкур фазилатлар унга таълим даргоҳларида сингдирилишига алоҳида аҳамият қаратилиши лозим. Ҳалоллик вакцинаси энг аввало ҳуқуқшунослар учун зарур, деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, Президентимиз бундан тўрт йил олдин ислоҳотларни айнан ҳуқуқ-тартибот идораларидан бошлаганида ҳам жуда чуқур маъно бор. Чунки соҳадаги вазият одамларни сабр косасини тўлдирган эди. Бу ўз ичига ҳуқуқшунослик йўналишига ўқишга киришдан тортиб, ишга жойлашишгача, иш фаолияти давомида оддий инсонларга муносабатгача, ҳамма учун ёпиқлигигача ... ва бошқалардан иборат эди. Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан чора-тадбирлар кўрилиши зарур эди.

Учинчидан, замонавий билимларга эга сифатли кадрлар тайёрлаш, қабул жараёнларида шаффофлик ва холисликка эришиш жуда керак ва муҳим эди.

Мурожаатномада таъкидланганидек, инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвесторлар низони ҳал қилиш учун Олий судга мурожаат қилиши белгилаб қўйилди. Чунки илгари бу масалада ҳам кўп муаммолар бор эди. Ўзбекистонга инвестор келсаю унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул идора йўқ эди.

Мурожаатномада алоҳида эътибор қаратган мана бу масала ҳам эътиборли. Бу – суд тизимида рақамлаштириш, фуқароларимизга онлайн тартибида мурожаат қилиш, улар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиши имкониятини берилишидир.

Ҳаёт янгиланмоқда, жамиятда онг ва тафаккур юксалмоқда. Талаб ва истаклар ортмоқда. Ижтимоий тармоқлар, интернет тобора тараққий этмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунги одамлар кечаги одамлар эмас. Улар ўз ҳақ-ҳуқуқларини чуқур билади. Демак, барча тизимлар ҳам шундан келиб чиқиб ўз иш услубини ўзгартириши керак. Бу замон тақозога айланмоқда.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижаси аввало кадрларга сифатига боғлиқлигини барчамиз чуқур англаб турибмиз. Президентимизнинг юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштиришга оид фармонига кўра, Самарқанд давлат университетида юридик факультет қайта ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур факультетда 164 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга юридик фанлар докторлари, фан номзодлари сабоқ бермоқда.

Мурожаатномада юридик соҳа олимлари зиммасига ҳам жиддий вазифалар юклатилди. Ислоҳотлар тақдири кадрларга боғлиқ экан, ушбу жараёнлар иштирокчиси сифатида биз ҳам ўз фаолиятимизни қайтадан кўриб чиқишимиз зарур.

Шу кунларда факультетимиз қошида “Юридик клиника” ташкил этиш ишлари ниҳоясига етмоқда. Бу ерда профессор-ўқитувчилар ва талабалар Самарқанд вилояти аҳолисига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериши йўлга қўйилади. Шунингдек, вилоят мактабларида ҳуқуқшунослик дарслари ўтилишида услубий ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилган.

Буларнинг барчаси юридик таълим ва тарбия сифатини ошириш, аҳоли ва ёшларда ҳуқуқий саводхонлик даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Ана шунда мамлакатимиздаги бугунги ўзгаришни чуқур ҳис қиладиган, ислоҳотлар жараёнида ўзи ҳам бевосита иштирок этадиган ҳуқуқий саводхон фуқуролар қатламини шакллаштиришга эришамиз.

 

Раҳматулла Мирзаев,

СамДУ юридик факультети декани,  

юридик фанлар номзоди, доцент