Суд адолатни тиклади
Жиззах вилояти Бахмал туманида фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, туман фермерлар кенгаши томонидан ҳудуддаги фермерларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва адолатли ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Бир қарашда бу оддий ҳолдек туюлади. Аммо амалда фермернинг ҳақини суд орқали ундириш осон иш эмас. Кўп ҳолларда фермер ўз ҳақини талаб қилишга журъат тополмайди ёки ҳуқуқий жараёнлар мураккаблиги сабаб йўлда тўхтаб қолади.
Ана шундай ишлардан бири сифатида "Нозима Аҳророва" фермер хўжалиги манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризаси киритилди. Кенгаш юристи томонидан иш атрофлича ўрганилиб, мустаҳкам ҳуқуқий асослар билан таъминланди ва суд жараёнларида фаол иштирок этилди.
Натижада суднинг ҳал қилув қарорига кўра, фермер хўжалиги фойдасига кластер корхонасидан 23 миллион сўм маблағ ундириб бериш белгиланди. Бу рақам жиҳатидан катта бўлмаслиги мумкин, аммо мазмунан фермер учун ишонч, эртанги кунга умид ва, энг муҳими, адолатни англатадиган натижадир.
Афсуски, бундай мисоллар ҳали кўп эмас. Айрим ҳолларда фермерлар ўз муаммолари билан ёлғиз қолиб кетмоқда, айрим низолар эса ечимсиз чўзилиб кетмоқда. Шу боис, ҳар бир ютилган суд иши — тизимдаги ўзгаришлар учун кичик, аммо муҳим қадам сифатида баҳоланиши керак.
Маълумки, мазкур йўналишдаги ишлар Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони талабларига мувофиқ амалга оширилиб, фермерларнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Бахмал тумани фермерлар кенгаши фаолияти айнан ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Айниқса, малакали юридик ёрдам орқали айрим фермер хўжаликлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклашга эришаётгани ижобий ҳолат.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА