“Street law” – ҳуқуқни тарғиб қилиш ва ҳуқуқий маданиятни оширишнинг инновацион йўли
“Street law” (оддий ҳуқуқ) лойиҳаси мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида бўлган ёш авлоднинг кундалик ҳаётида тез-тез учраб турадиган ҳуқуқий муаммоларга ечим беришга қаратилган интерфаол методларга асосланган машғулотлар мажмуи ҳисобланади.
“Street law” (оддий ҳуқуқ) лойиҳаси мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида бўлган ёш авлоднинг кундалик ҳаётида тез-тез учраб турадиган ҳуқуқий муаммоларга ечим беришга қаратилган интерфаол методларга асосланган машғулотлар мажмуи ҳисобланади.
Лойиҳа тарихи
Лойиҳа 1970 йилларда илк бор АҚШнинг Техас штатида ташкил этилган. Лойиҳа доирасида кундалик ҳаётида ҳуқуқий муаммоларга дуч келиб, ҳуқуқшунос кўмагига муҳтож бўлган ўсмирларга беғараз ёрдам бериш мақсадида юридик олийгоҳ талабалари томонидан машғулот дарслари ўтилган.
Ушбу лойиҳа кейинчалик АҚШнинг бошқа штатлари, мамлакатлар ва қитъаларга кенг ёйилди.
“Street law” лойиҳаси Ўзбекистонда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилингандан сўнг “Street law” лойиҳаси бўйича республикамизда ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Фармон билан ёшларга ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг амалий механизмларини ўргатишга қаратилган “Street law” лойиҳасини кенг жорий қилиш бўйича ҳуқуқшуносликка ихтисослашган олий таълим муассасалари талабалари, юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат ташкилотлар вакилларидан иборат волонтер гуруҳларини шакллантириш, лойиҳани амалга оширишнинг методикасини ишлаб чиқиш, кўнгиллилар гуруҳлари учун интерактив машғулотлар олиб бориш бўйича тренинглар ўтказиш, шунингдек кўнгиллилар томонидан мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун машғулотлар ўтказиш каби вазифалар белгиланган.
“Street law” – 2019 йилда
Ўтган йили биргина Тошкент давлат юридик университети томонидан лойиҳа бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумаладан, лойиҳани самарали амалга ошириш мақсадида дастлаб университетнинг 5 нафар профессор-ўқитувчилари ва 21 нафар талабаларидан иборат таркибда тренерлар гуруҳи шакллантирилди.
Март ойи давомида университет томонидан лойиҳанинг интерактив машғулотлари бўйича умумтаълим мактабларининг 9-10 синф ўқувчиларига мўлжалланган ўқув дастури, ўқув материаллари (слайдлар, видео роликлар, интерактив ўйинлар мажмуаси) ишлаб чиқилиб, 20 дан ортиқ волонтёр талабалар гуруҳи учун лойиҳа бўйича интерактив машғулотлар ўтказилди.
Университетда АҚШлик мутахассислар – Дженнифер Вотлей ва Жудий Зиммер ҳамда Россиянинг Қирол П.Г.Ольденбург номидаги Санкт-Петербург институти директори Аркадий Гутников иштирокида университет тренерлар гуруҳи учун умумтаълим мактаблари ўқувчиларига лойиҳа дастуридаги мавзуларни ўқитиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилди. Машғулотлардан мувафаққиятли ўтган талабалар ўқувчиларга ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича интерактив машғулотлар ўтказди.
Бундан ташқари, “Street law” лойиҳасини ҳудудларда амалга ошириш мақсадида юридик коллежлари ўқувчиларидан иборат волонтёрлик гуруҳлари шакллантирилди.
Хусусан, Навоий вилоятида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун хиёбонлар, маданият боғлари ҳамда жамоат жойларида ҳуқуқий онг
ва маданиятни юксалтириш борасида инновацион тарғиботлар амалга оширилди. “Ўзбекистон” номли ҳуқуқий адабиётлар жавони мазкур гуруҳнинг инновацион лойиҳасидир.
Ўзбекистон харитаси шаклидаги китоб жавони мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидаги ёшларнинг илмли, маърифатли бўлиши учун кутубхоналар ташкил этиш, китобхонлик тарғиботини кучайтириш каби ғояларни ўзида мужассам этади.
Фарғона вилоятида аҳоли гавжум жойларда, жумладан, бозорлар, савдо комплекслари, марказий хиёбонларда тарғибот тадбирлари ўтказилди. Тадбирларда турли хил мавзуларда, жумладан “Тамаки ва алкоголь соғлиқ учун зарар”, “Йўл қоидаси – умр фойдаси”, “Ҳурматли харидор унутманг!” номларда тайёрланган 500 дан ортиқ флаер ва буклетлар ва бошқа турдаги тарқатма материаллари тарқатилди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Фарғона шаҳар марказий ҳиёбонида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказилди. Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва бошқа вилоятларда ҳам “Street law” кўнгиллилар гуруҳлари ташкил этилиб, тарғибот ишлари амалга оширилди.
Тадбирлар давомида аҳоли ўртасида бузилаётган йўл қоидалари, истеъмолчи ҳуқуқи, жамоат жойида тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш тақиқланганлиги каби масалалар юзасидан ҳам кенг тарғибот ишлари олиб борилиб, тарғибот материаллари тарқатилди. Шунингдек, ижтимоий-ҳуқуқий сўров анкеталари ҳам тарқатилди.
Жорий йилдаги вазифалар нималардан иборат?
Ушбу йилда ҳам лойиҳа доирасида аниқ вазифалар белгилаб олинган бўлиб, биргина Тошкент давлат юридик университетида лойиҳага бириктирилган профессор ўқитувчилар сони 20 нафарга етди. Талаба волонтёрлар сони эса 70га яқинлашди. Мазкур волонтёр талабалар ҳам лойиҳа бўйича интерактив машғулотлар олиб бориш методикасига асосан тренингларда ўқитилди.
– Ушбу лойиҳа бизда волонтёрлик билан бир қаторда, жамият ва ёшлар учун ҳуқуқий муаммога айланган масалалар юзасидан мавзуларни аниқлаштириш, машғулотларни самарали режалаштириш, казуслар ёзиш, жамоа билан ишлаш, эркин нутқ сўзлаш, мулоқот қила олиш каби кўникмаларни шакллантирмоқда, – дейди Тошкент давлат юридик университети талабаси Дониёр Имомназаров.
Ҳозирда лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри бўйича барча туманларда биттадан умумтаълим мактабида юқори синф ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини оширишга оид интерфаол дарслар ўтказилаётган бўлиб, лойиҳага нисбатан мактаб ўқувчиларида ҳам қизиқиш ортиб бормоқда.
– Машғулотлар натижасида бизда кундалик ҳаётда ҳуқуқий муаммоларни бошқа муаммоардан ажрата олиш, уларга ечим топиш, ҳуқуқий муаммоларни мустақил ҳал қилиш бўйича билимлар пайдо бўлмоқда, – дейди Юнусабод туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқувчиси Азиза Абдураҳмонова.
2020 йилда лойиҳани янада самарали ўтказиш мақсадида вилоятлардаги барча юридик коллежларда “Street law” гуруҳларини ташкил этиш, унинг қамровини кенгайтириш, ҳар бир мавзулар бўйича видео лойиҳалар тайёрлаш, қатнашувчи кўнгиллилар сонини ошириш бўйича ишларни тизимли амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳа машғулотларини ўтказишда замонавий ва интерактив методларни кенг жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Махсуда Тожибоева,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси