Стол тенниси: Осиё чемпионатига тайёргарлик масаласи кўриб чиқилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Осиё стол тенниси конфедерацияси (ITTF Asia) котибияти вакили Моҳанад Каббани ҳамда Ўзбекистон стол тенниси федерацияси вакиллари иштирокида жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтадиган қитъа чемпионатига тайёргарлик масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Муҳокамалар жараёнида чемпионатга кўрилаётган тайёргарлик ишлари, логистика, транспорт, медиа фаолияти ҳамда бошқа ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Шундан сўнг Осиё стол тенниси конфедерацияси вакиллари “Олимпия шаҳарчаси”даги спорт мажмуалари ҳамда иштирокчи делегациялар жойлаштириладиган меҳмонхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, яратилган шарт-шароитлар, шаҳарчанинг инфратузилмаси, спортчилар ва расмий делегациялар учун яратилган қулайликларга юқори баҳо беришди.

ITTF Asia вакиллари Осиё чемпионатини халқаро стандартлар асосида ташкил этиш юзасидан зарур тавсияларни билдирди.
Эслатиб ўтамиз, стол тенниси бўйича Осиё чемпионати мусобақалари жорий йилнинг 19–25-октябрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган
Т.Рўзиев,
ЎзА