Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ҳамда Миллий паралимпия қўмитаси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида стол тенниси бўйича Тошкент шаҳар кубоги мусобақасининг дастлабки саралаш босқичи ўтказилди.
500 нафарга яқин спортсеварлар қатнашган саралаш баҳсларидан муваффақиятли ўтганлар финал беллашувларида рўбарў келди. Муросасиз курашларга бой турнирда ўғил болалар орасида Қутбидилло Тешабоев шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди. Жавоҳир Истамов 2-ўринни, Афзал Носирхўжаев ҳамда Шерзод Мамажонов 3-ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Римма Молокановага тенг келадиган рақиб топилмади. Моҳирўй Камолова иккинчи, Диана Полегаева ҳамда Румия Лутфулина учинчи поғонани банд этишди.
Пара стол тенниси мусобақаларида эркаклар орасида Иззат Ҳамроев, Баҳром Исхаков, Баҳром Азимов ва Неъматжон Сапарбоев, қизлар ўртасида Зуҳра Ражапова, Малика Абдукаримова, Мубина Абдураҳимова ҳамда Шинара Асатуллаева совриндор бўлди.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Юнусжон Насимжонов ғолиб ва совриндорларни муносиб тақдирлаб, юртимизда оммавий спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани туфайли халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА