Стол тенниси: 11 ёшли иқтидорлилар Ўзбекистон чемпионлиги учун курашмоқда
Болажонлар ўртасида спортга, хусусан стол теннисига бўлган меҳр-муҳаббатни уйғотиш, улар орасидан иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 11 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтаётган Ўзбекистон биринчилиги ҳаяжонли дамларга бойлиги билан ажралиб турибди.
Мамлакатимизнинг 14 та ҳудудидан 65 нафардан ортиқ умидли ёш спортчилар иштирок этаётган чемпионатнинг кеча ўтказилган илк даврасида гуруҳ босқич ўйинлари бўлиб ўтди.

Нафақат спорт беллашуви, балки мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўсиб келаётган ёш авлодга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлган чемпионатнинг илк кунида 16 та гуруҳга бўлинган жамоалар, шунингдек ёш кичик ракетка усталари ярим финал йўлланмаси учун кураш олиб борди.

Бугун, 3 июнь куни яккалик ва жамоавий йўналишларда плей-офф ва финал баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур баҳслар орқали шоҳсупага кўтариладиган ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади.
Т.Рўзиев, ЎзА