Стол теннисчиларимиз Осиё чемпионатининг жамоавий баҳсларида 5-ўринни эгаллади
Таиланднинг Бангкок шаҳрида стол тенниси бўйича U15 ва U19 ёш тоифасида ўтказилаётган ХХХ Осиё чемпионатининг жамоавий мусобақалари якунланиб, яккалик ўйинлари бошланди.
Жамоавий учрашувларда Ўзбекистон жамоалари орасида энг яхши натижага U15 ёш тоифасидаги ўғил болалар жамоаси эришди.
Ўзбекистон U15 жамоаси гуруҳ босқичидан муваффақиятли чиқиб, 1/8 финалда Қозоғистон терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.

Чорак финалда чемпионатнинг энг кучли жамоаларидан бири Жанубий Кореяга 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган бўлса-да, ҳамюртларимиз мусобақани 5-ўрин билан якунлади.
Ушбу натижа Ўзбекистон стол тенниси тарихида Осиё чемпионатининг жамоавий баҳсларидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Ўзбекистонлик стол теннисчилар кечаги кунги яккалик баҳсларда умумий ҳисобда 12 та ўйинда муваффақият қозонди.

Хусусан, теннисчи қизларимиз 13 та учрашувда қатнашиб, 7 та ғалаба ва 6 та мағлубият қайд этган вазиятда ўғил болалар 13 та ўйиннинг 5 тасида ғалабага эришган бўлса, 8 тасида рақибларига имкониятни бой берди.
Муросасиз кечган ўйинларда Ўзбекистон терма жамоаси қизларидан Аружан Камалова, Аделина Ҳасанова, Дилнавоз Омонова, Муниса Машарипова, йигитлардан Лочинбек Абдухалилов, Ҳусайн Искандаров Алихан Камалов, Раҳматилло Абдурашидов барча ўйинларда ғалабага эришди.
Бугун, 2 июль куни қитъа чемпионати яккалик ўйинларнинг навбатдаги муҳим учрашувлари ўтказилади.
Чемпионат 5 июлга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА