“СТЕМ+”да Сирдарё ёшлари ғалаба қозонди
Тошкент шаҳридаги Президент мактабида Президент мактаблари ўқувчилари ўртасида “СТЕМ+” мусобақасининг республика босқичи юқори савияда ташкил этилди. Интеллектуал салоҳият, инновацион фикрлаш ва жамоавий ҳамкорликни синовдан ўтказган мазкур нуфузли танловда Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилган Гулистон шаҳридаги Президент мактаби жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Мусобақа доирасида иштирокчилар учта асосий йўналиш — савол-жавоб (quiz), инновацион лойиҳалар тақдимоти ҳамда “Карл Поппер” дебат формати бўйича ўзаро беллашдилар. Ҳар бир йўналишда ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаши, муаммоларга креатив ёндашуви, жамоада ишлаш кўникмалари ва ўз фикрини асосли ҳимоя қила олиши алоҳида баҳоланди.

– Мусобақа ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини комплекс тарзда намоён этиш имконини берди. Айниқса, дебат ва лойиҳа тақдимотлари орқали уларнинг мустақил фикрлаши ва таҳлил қилиш салоҳияти янада очилди, – дейди мактаб маслаҳатчиси Мадина Сапарова.

Қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда кечган мусобақа якунига кўра, 1-ўринни Гулистон шаҳридаги Президент мактаби, 2-ўринни Навоий шаҳридаги Президент мактаби, 3-ўринни эса Наманган шаҳридаги Президент мактаби жамоалари қўлга киритди.


Ғолиб жамоа барча йўналишларда барқарор натижа кўрсатиб, айниқса, лойиҳалар тақдимоти ва дебат жараёнларида юқори тайёргарлиги, таҳлилий фикрлаши ҳамда ишончли чиқишлари билан ҳакамлар ҳайъатининг эътирофига сазовор бўлди.

– Таъкидлаш жоизки, “СТЕМ+” мусобақаси ўқувчиларнинг аниқ ва табиий фанларга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг инновацион ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, замонавий муаммоларга амалий ечимлар таклиф эта оладиган рақобатбардош ёшларни шакллантиришга хизмат қилади, – дейди Мадина Сапарова.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири