SQB: маҳалладаги ташаббусдан барқарор даромадгача
Бир тадбиркорнинг кичик оилавий бизнеси бугун 35 киши меҳнат қилаётган корхонага айланган. Бошқаси эса 15 миллион сўмлик кредит ёрдамида иссиқхонасини кенгайтириб, маҳсулотини бозорга чиқармоқда. Кўлами турлича бўлган бу икки ташаббусни бир жиҳат бирлаштиради: молиявий кўмак иқтисодий фаолликка, янги иш ўринлари ва даромад манбаларига хизмат қилмоқда.
Жорий йил 28 октябрь куни “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан ўтказилган матбуот анжуманида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Янги ёндашув: кредит ҳажмидан амалий натижага
Президентимиз раислигида 2026 йил 3 ва 9 сентябрь кунлари ўтказилган йиғилишларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш ишларини янгича ташкил этиш вазифалари белгиланди. Бунда ажратилган маблағлар ҳажмидан кўра, уларнинг амалий самарасига – барқарор иш ўринлари, аҳоли даромади ва тадбиркорлик ривожига устувор аҳамият берилди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 сентябрдаги “Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ҳудудлардаги масъулият кучайтирилди. Молиявий ресурслар ва қарор қабул қилиш ваколатларининг катта қисмини туман даражасига тушириш, маҳаллий имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича янги вазифалар белгиланди.
– Ушбу жараёнда банклар ҳокимликлар ва маҳалла масъуллари билан ҳамкорликда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ишга солиш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларга ечим топишда иштирок этмоқда, – деди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Абдурашид Ҳакимов. – Хусусан, мазкур ёндашув SQB фаолиятида ҳам ўз ифодасини топган. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, банк иштирокида қарийб 159 минг аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича натижаларга эришилди. Жумладан, 27,7 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 131 минг аҳолининг даромади оширилди. Микро, кичик ва ўрта бизнесга 5,3 триллион сўм кредит ажратилди. Унинг 2,7 триллион сўми давлат дастурлари доирасида йўналтирилди.

Кичик ташаббусдан барқарор бизнесга
Рақамлар банк иштирокининг кўламини кўрсатса, уларнинг ҳаётий мазмуни тадбиркорлар фаолиятида яққол намоён бўлади. Андижон вилоятининг Дориломон маҳалласидаги “Норматовлар келажаги” хусусий корхонаси бунга мисол.
Корхона раҳбари Назиржон Норматов ўн йил аввал оилавий тадбиркорликка қўл урган. Кичик кўламда бошланган фаолият йиллар давомида кенгайиб, ўсимлик ёғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонага айланди.
Тадбиркор бизнесини янада ривожлантириш мақсадида маҳалла банкирига мурожаат қилди. Ажратилган 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредитнинг 70 минг доллари янги ишлаб чиқариш ускунасини харид қилиш ва ўрнатишга йўналтирилди.
Бугун корхонада 35 нафар киши меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми ошган. Энди тадбиркор ўз фаолиятини йирик завод даражасигача кенгайтиришни мақсад қилган.

Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Қайрағоч маҳалласида эса 15 миллион сўмлик кредит кичик хўжаликнинг имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилди.
Маҳаллий тадбиркор Давлатжон Пўлатов ушбу маблағ ҳисобидан иссиқхонасини кенгайтирди. Бугун у етиштирган булғор қалампири ҳафтасига икки марта, ҳар сафар ўртача 100 килограммдан бозорга чиқарилмоқда.
Энг муҳими, бу фаолият орқали икки нафар фуқаро иш билан таъминланди. Тадбиркор эса иссиқхона билан чекланмай, чорвачилик ва қўйчиликни ҳам ривожлантирмоқда.
Андижонда 150 минг долларлик кредит ишлаб чиқариш қувватини оширишга хизмат қилган бўлса, Фарғонада 15 миллион сўмлик маблағ кичик хўжаликнинг ўсишига туртки берди.
Сармоя миқдори турлича, аммо натижани бирлаштириб турган жиҳат битта: тадбиркор ўз ишини кенгайтирмоқда, маҳсулот бозорга чиқмоқда, одамлар эса меҳнати орқали даромад топмоқда.

Маҳалладаги ташаббус – иқтисодиётдаги имконият
Айни пайтда SQBга 27 та туман ва шаҳардаги 1 минг 133 та маҳалла бириктирилган. Уларда 415 нафар маҳалла банкири аҳоли ва тадбиркорлар билан бевосита иш олиб бормоқда.
– Маҳалла даражасидаги ёндашув ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларини аниқлашга хизмат қилади, – деди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш департаменти директори Фаррух Абдувалиев. – Қайсидир жойда ер ва меҳнат ресурслари, бошқасида ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш учун шароит мавжуд. Муҳими, уларни аниқ иқтисодий лойиҳаларга айлантириш. Бу борада “Сайхунобод тажрибаси” асосида 8339 та микролойиҳа амалга оширилиб, 24 мингта иш ўрни ташкил этилди. “Уйчи тажрибаси” доирасида тадбиркорлар ва мижозлар билан ўтказилган 956 та учрашувда 1 минг 858 та мурожаат ижобий ҳал қилинди. Натижада 3 минг 885 та иш ўрни ташкил этилди.
Матбуот анжуманида “Долзарб тўрт ойлик” доирасида манзилли ишлар олиб борилаётгани алоҳида таъкидланди. Ҳисобот даврида 24,6 минг нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 65,3 минг нафар аҳолининг даромади оширилди. Шунингдек, 3072 та микролойиҳа ишга туширилиб, 6 минг 758 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Маҳалла раислари томонидан тақдим этилган 20 мингдан зиёд ишсиз фуқаронинг 15 минг нафари ишга жойлаштирилгани ҳам жойлардаги ҳамкорликнинг амалий натижасидир.
Банк томонидан келгуси бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 12,6 триллион сўмдан ортиқ 160 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Улар амалга оширилганда 49 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.
[gallery-32221]
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА