Спортда муваффақият формуласи нимага боғлиқ?
Инсон ҳамиша омадлилар қаторида бўлиши учун нималарга эътибор қаратиши лозим-у, қайси одатлар кундалик одатга айланиши керак? Ўзи аслида муваффақиятга эришиш формуласи борми?
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида халқаро спорт майдонларида ватанимиз довруғини дунёга достон этиб келаётган ўзбек спортининг ёрқин вакиллари - оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпиони, дунё рекордчиси Руслан Нуриддинов ва жаҳон ва қитъа чемпиони Шарофиддин Амриддинов иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда шу саволларга атрофлича жавоб берилди.

Самимий ва очиқ руҳда ўтган учрашувда таниқли спортчилар талаба-ёшларнинг саволларига жавоб бериш асносида айни масалаларга тўхталиб ўтди.
—Маррани баланд қўйган инсоннинг ютуқлари ҳамиша юксак бўлади. Муваффақият эса тасодиф эмас, балки ҳар кунлик меҳнат ва изланиш маҳсули. Кундалик бадантарбия саломатлик омили бўлса, ўз билимини оширишга ҳаракат қилган, тартибли ҳаёт тарзига одатланганлар ҳар доим омадлилар қаторида юради, — дейди Осиё ва жаҳон чемпиони Шарофиддин Амриддинов.

Мулоқот давомида таниқли спортчилар жисмоний тарбиянинг инсон саломатлигига ижобий таъсири, руҳий чиниқишдаги ўрни хусусида сўз юритиб, талабаларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Т.Рўзиев,
ЎзА