Спортчиларимиз жаҳон кубогида 5 та медалга сазовор бўлди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубоги баҳслари ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2025 йил 8 июлдаги “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган мусобақада мамлакатимиз спортчиларидан ташқари Арманистон, Бельгия, Болгария, Чехия, Грузия, Ҳиндистон, Иордания, Исландия, Қатар, Қозоғистон, Латвия, Мўғулистон, Швейцария, Сурия, Туркия, Венгрия, Вьетнам ва Хорватиядан келган спорт гимнастикачилари ҳам ўз маҳоратларини синовдан ўтказмоқда.
Бугун Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган республика болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабида жаҳон кубоги финал босқичи старт олди.
[gallery-29605]
Ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, спортчиларимиз юқори натижаларни қайд этиб, 5 та медалга сазовор бўлди: Аҳрорхон Темирхонов — олтин, Хумоюн Исломов ва Мансур Раҳматов — кумуш, Шаҳинабону Юсупова ва Озотилло Абдурасулов — бронза медалларини қўлга киритди.
Эртага мусобақанинг сўнгги куни бўлиб ўтади, унда финал баҳслари якунланади.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА