Чирчиқ шаҳридаги Ифтихор маҳалласида Велоспорт бўйича Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси аъзоси Фотима Саиповага Президентимиз топшириғига асосан янги икки хонали хонадон топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, ҳудуд фаоллари, нуронийлар спортчининг яқинлари иштирок этди.
[gallery-24294]
Вилоят ҳокими З.Мирзаев бошчилигидаги фаоллар спортчи ва оила аъзолари билан суҳбатлашиб унинг ютуқларини эътироф этиб, келгуси фаолиятига омад тилади. Шундан сўнг янги хонадондаги шароитлар билан танишилди.
Таъкидлаш лозимки, куни кеча давлатимиз раҳбари 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда велоспортчи Ф.Саиповани шахсан табриклаган эди. Шу билан бирга, у Президентимиз фармони билан эришган ютуқлари ва юртимизнинг халқаро обрў-эътиборини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётгани учун, “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди.
– Президент билан учрашиш мен учун шараф бўлди, – дейди Фотима Саипова. – Тантанали маросимда исм-фамилиямни ўқишганида ҳаяжондан кўзларимга ёш келди. Кўз олдимга ота-онам келди. Жуда ҳаяжонландим. Бугун эса вилоят ҳокими қўлидан янги уй калитини олдим. Ҳаммаси гўё тушдек бўлди.
А.Мусаев, ЎзА.