Рақамли касблар хотин-қизларга қандай имкониятлар очмоқда?
Бугун меҳнат бозорида қайси касбларга талаб юқори?
Рақамли технологиялар соҳасида аёллар учун қандай янги имкониятлар очилмоқда? Қизлар замонавий касбларни эгаллаши учун яна нималарга эътибор қаратиш керак?
Бу масалалар Тошкентда Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтиришга бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон бўйича Мамлакат гендер баҳолови натижалари тақдим этилди. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки томонидан ишлаб чиқилаётган Гендер тенглиги ва хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш сиёсати лойиҳаси муҳокама қилинди.
Давра суҳбатини Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая очиб берди. У банк Ўзбекистонда гендер тенглиги, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини кенгайтириш ҳамда инклюзив ривожланишни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Учрашувда вазирлик ва идораларнинг гендер тенглиги масалалари бўйича маслаҳатчилари, Гендер тенглиги бўйича кенгаш аъзолари ҳамда шу йўналишга масъул мутахассислар иштирок этди. Жумладан, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова ва Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Камола Собирова ҳам тадбирда қатнашди.
Камола Собирова ўз нутқида рақамли трансформация жараёнида жинсидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро замонавий рақамли кўникмаларга эга бўлиши ва электрон хизматлардан тўлиқ фойдалана олиши муҳимлигини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, бугун меҳнат бозорида янги иш ўринларини яратаётган ахборот технологиялари компанияларига замонавий билим ва касбий кўникмаларга эга мутахассисларга талаб тобора ортиб бормоқда. Технологик касбларда эса инсоннинг жинси эмас, билими, салоҳияти ва касбий маҳорати муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан қизларни замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга жалб этиш, уларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, муносиб даромад топиши ва меҳнат бозорида ўз ўрнини эгаллаши учун шароит яратиш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлашнинг бугунги ҳолати, хотин-қизларнинг иқтисодиёт ва меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, уларни замонавий касбларга жалб қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, рақамли технологиялар ва инновациялар орқали хотин-қизлар учун янги имкониятлар яратиш, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда юқори даромадли касбларга кириб бориши учун зарур шароитларни кенгайтириш бўйича фикр алмашилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА