2023 йилнинг олти ойи ортда қолди. Мамлакатимиздаги кўплаб соҳаларда ярим йиллик сарҳисоблар қилинмоқда. Йилнинг қолган даври учун ишлаб чиқилган режалар ижроси таҳлил этилмоқда.
Хўш, ортда қолган олти ойликда Ўзбекистон спортчиларининг халқаро мусобақалардаги иштироки қандай бўлди? Медаллар салмоғи қай кўринишни олди? Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг балларини жамғариш ҳолати қай ҳолатда? Кейинги ярим йиллик режалар нималардан иборат?
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги Олимпия ва паралимпия спорт турларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Рашид Маткаримов билан кечган суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

-Ўтаётган йил юртимиз спортчилари учун ҳар жиҳатдан сермаҳсул кечди, дейишга барча асослар етарли. Давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароит ва имкониятлардан тўлақонли фойдаланилмоқда. Жаҳон ва қитъа чемпионатларида, халқаро турнирларда терма жамоаларимиз аъзолари юқори натижаларга эришди. Бу борада футбол, бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, кураш, қиличбозлик, гимнастика спорт турлари, енгил атлетика каби йўналишлардаги кўрсаткичлар юқорилиги билан ажралиб турди. Айниқса, 20 ёшгача бўлган футболчиларимизнинг қитъа чемпионлигига эришиши, 17 ёшгача бўлган футболчиларимиз эса жаҳон чемпионати йўлланмаси соҳиби бўлганлиги, Тошкентда бокс бўйича жаҳон чемпионатининг юқори даражада ўтказилиши, таэквондочиларимизнинг жаҳон чемпионати ва Гран при турнирларида муваффақиятли қатнашганлиги, дзюдочиларимизнинг 17 нафари, оғир атлетикачиларимизнинг 16 нафари ҳозирданоқ Париж-2024 Олимпиадасининг рейтинг очколарига эгалиги, параспортчиларимизнинг бир неча нафари 2024 йилги Паралимпиада ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритганлиги ўтган олти ойликда эришилган марралар сифатида ёдда қолмоқда.
-Ортда қолган 6 ойликда спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритган медаллари сони қанчани ташкил этди?
- Бугунгача ўтказилган халқаро турнир ва чемпионатларда Ўзбекистон спортчилари 247 та олтин, 119 та кумуш ва 110 та бронза медалларига эга чиқди. Айтиш лозим, эришилган ҳар бир муваффақият ортида халқимизнинг ғурур-ифтихори мужассам. Ютуққа ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Бунда моддий ва маънавий қўллов билан мураббий-мутахассисларнинг бетиним меҳнати, спортчиларимизнинг шижоати, ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришдаги техник-тактик таҳлили, мақсадга эришиш йўналишларини тўғри баҳолаш мезонлари мужассам. Шу маънода, ярим йилликда спортчиларимиз сазовор бўлган 500 тага яқин медаллар шодаси халқимиз, давлатимиз эришаётган янги ғалабаларнинг халқаро майдондаги ёрқин ифодасидир.
-Кейинги олти ойликда юртимиз спортчиларини яна қандай нуфузли мусобақалар кутиб турибди?
-Алоҳида спорт турлари бўйича бир нечта жаҳон ва қитъа чемпионатлари спортчиларимизни кутиб турибди. Комплекс мусобақалардан Хитойда талабаларнинг Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари, Беларусда II-МДҲ давлатлари ўйинлари, Хитойда кечадиган XIX ёзги Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жанг санъатлари бўйича ёпиқ иншоотлардаги VI Осиё ўйинлари йилнинг энг муҳим спорт тадбирлари ҳисобланади. Ушбу спорт тадбирларида муносиб иштирок этиш борасида “йўл хараталари” ишлаб чиқилган бўлиб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўналишида ҳам бир қатор тадбирлар режалаштирилган. Уларда нафақат иштирок этиш, балки мамлакатимиз спорти ривожига хизмат қиладиган масалаларни илгари суриш асосий вазифаларимиздан бири саналади.
Т. Рўзиев (ЎзА) суҳбатлашди.