Спорт волонтёрлигини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ўзбекистонда спорт волонтёрлигини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда спорт волонтёрлиги тизимини такомиллаштириш ҳамда унинг фаолиятини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида ёшлар учун кенгроқ имкониятлар яратиш, спорт волонтёрлиги тизимини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ушбу йўналишдаги ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда бир қатор спорт турлари бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли халқаро турнирлар, семинарлар, халқаро ўқув-йиғин машғулотлари ва оммавий тадбирлар сонининг ортганлиги малакали спорт волонтёрларига бўлган талабни янада оширмоқда.
Шу жиҳатдан, юртимизда алоҳида спорт волонтёрлик фаолиятини ривожлантириш, малакали волонтёрлар сафини кенгайтиришда талаба-ёшларнинг амалий машғулотларидан фойдаланиш, тегишли таълим муассасалари, ёшлар ташкилотлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш давр талаби эканлиги айтиб ўтилди.
Муҳокамалар жараёнида ушбу йўналишга оид ишларни тизимли ташкил этиш, волонтёрликка жалб этиладиган ёшларнинг ҳар жиҳатдан билимли ва салоҳиятли бўлишига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланиб, масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
Т. Рўзиев, ЎзА