Спорт вазири халқаро гандбол маркази қурилишини кўздан кечирди
Бугун қурилиш майдони, эртага эса катта мусобақалар майдони. Гулистон шаҳрида 5 гектар майдонда барпо этилаётган халқаро гандбол маркази Сирдарёда спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, ёш истеъдодларни катта спортга тайёрлаш учун янги имкониятлар яратади.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 40-сессиясида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Оммавий спортни кенгайтириш, ёшларни спортга жалб этиш, иқтидорлиларни эрта аниқлаш ва уларни юқори натижали спортга тайёрлаш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Сессияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов Гулистон шаҳрида бунёд этилаётган халқаро Гандбол марказига ташриф буюриб, қурилиш жараёни билан танишди.
5 гектар майдонда барпо этилаётган мазкур мажмуа келгусида Сирдарёнинг спорт ҳаётида муҳим ўрин тутиши кутилмоқда. Бу ерда гандбол билан шуғулланувчи спортчилар учун замонавий машғулот шароитлари яратилади, республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларни ўтказиш имконияти пайдо бўлади.
[gallery-30790]
Ташриф давомида объектда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишларининг ҳолати, бажарилаётган ишлар сифати ва лойиҳанинг замонавий талабларга мувофиқлиги муҳокама қилинди. Марказни белгиланган муддатда ва юқори сифатда фойдаланишга топшириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Қурилиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ишларни жадаллаштириш ва белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Қурувчи ташкилот раҳбари ҳамда вилоят Спорт бошқармаси масъулларига марказни халқаро талабларга жавоб берадиган даражада барпо этиш, ишларни сифатли ташкил қилиш ва объектни ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Янги марказнинг аҳамияти эса унинг деворлари ва майдони билан эмас, балки у ерда кашф этиладиган янги номлар билан ўлчанади. Зеро, замонавий спорт иншооти — бу фақат мусобақалар ўтказиладиган жой эмас. У янги истеъдодлар аниқланадиган, ёшлар маҳорати сайқалланадиган ва чемпионлик сари илк қадам қўйиладиган маскандир.
Марказ фойдаланишга топширилгач, гандболни вилоятда янада оммалаштириш, ёшларни мунтазам машғулотларга жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни профессионал спортга йўналтириш учун кенг имкониятлар яратилади.
Айни пайтда Сирдарёда спортнинг оммавийлигини ошириш билан бир қаторда, юқори натижалар спорти учун муносиб захира шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2026 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” ҳамда 2,8 мингдан зиёд оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш орқали 512 минг нафар аҳолини спортга жалб этиш, камида 2,2 минг нафар иқтидорли ёшни спорт мактабларига саралаб олиш вазифаси белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, Гулистондаги халқаро гандбол маркази ана шу катта мақсадларнинг муҳим амалий бўғини ҳисобланади. Бугун бу ерда қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлса, эртага ушбу масканда ёш спортчиларнинг шижоати, мураббийларнинг машаққатли меҳнати ва ғалаба учун кечадиган муросасиз баҳсларига гувоҳ бўлиш мумкин.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА