Спорт мактабларига байрам совғалари
Андижон шаҳридаги Универсал спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Спорт вазирлиги томонидан Андижон вилоятидаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларига ажратилган замонавий спорт жиҳозлари, анжомлар ҳамда спорт кийимларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда сўз олганлар мамлакатимизда спортни, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, спорт мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.
– Спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ютуқларимизнинг муҳим омили бўлмоқда, – дейди Андижон вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов. – Жумладан, ана шу эътибор туфайли спортнинг барча турлари юксалиб, янги босқичга кўтарилиб, ёш спортчиларнинг республика ва халқаро мусобақаларда эришаётган ютуқлари салмоғи ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда.


Спорт мактабларига мустақиллик байрами совғаси сифатида топширилган жиҳоз ва кийимлар спорт мактабларининг моддий-техник имкониятларини кенгайтириш, машғулотлар самарадорлигини ошириш, ёш спортчиларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишларига хизмат қилади.


Байрам совғаси – спорт жиҳозлари ортилган махсус карвон шу куннинг ўзида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларга йўл олди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири