Хабарингиз бор, айни пайтда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда. Бундан олдин ҳудди шу манзилди шу спорт тури бўйича Осиё қитъаси учун Токио-2020 Олимпиадасига лицензион турнир якунига етган эди.
Осиё чемпионати мусобақаси даврида лицензион турнирда муваффақиятли иштирок этган давлатлар вакиллари Бирлашган кураш дунёси (UWW) вице-президенти томонидан мукофотланди. Жумладан, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси ўринбосари Аҳролжон Рўзиев юқори даражадаги «Чингизхон» ордени билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бирлашган кураш дунёсининг Осиё минтақаси раҳбари томонидан делегациямизнинг лицензион турнирда муваффақиятли иштирок этгани, қитъада мазкур спорт турини тарғиб қилишда қўшаётган муносиб ҳиссаси учун махсус соврин билан мукофотланди.
Тошкентда эса Токио-2020 Олимпиадасига йўлланма олган курашчиларимиз муносиб тақдирланишди. Мазкур мусобақада спортчиларимиз томонидан юнон-рум кураши бўйича 1 та, эркин кураш бўйича 4 та йўлланма қўлга киритилганди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида ушбу турнир орқали Олимпиадага йўлланма олган курашчиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Спортчи ва мураббийларимизга белгиланган миқдорда бир марталик пул мукофотлари тақдим этилди. Унга кўра курашчилар ва уларнинг тренерлари қуйидаги миқдордаги мукофотларга эга бўлишди:
Спортчи Мўминжон Абдуллаев 100 миллион сўм, унинг мураббийи Равшан Рўзиқулов 50 миллион;
Спортчи Ғуломжон Абдуллаев 100 миллион сўм, унинг мураббийи Абдурауф Бозорбоев 50 миллион сўм;
Спортчи Бекзод Абдураҳмонов 100 миллион сўм, унинг мураббийи Музаффар Абдураҳмонов 50 миллион сўм;
Спортчи Жавраил Шапиев 100 миллион сўм, унинг мураббийи Олимжон Хикматов 50 миллион сўм;
Спортчи Магомед Ибрагимов 100 миллион сўм, унинг мураббийи Ахролжон Рўзиев 50 миллион сўм.
Хўш, Осиё чемпионатида ҳамюртларимизнинг иштирок қандаай кечмоқда?
Мусобақанинг учинчи га кўра ҳозирча вакилларимиз медалларнинг баридан бахраманд бўлиб туришибди. Дастлабки кунги баҳсларда спортчиларимиз биттадан кумуш ва бронза медалларни қўлга киритишди. -55 кг вазн тоифасида Нанкин-2014 ўсмирлар Олимпиадаси чемпиони Илҳомжон Баҳромов финалгача етиб борди. Ҳал қилувчи беллашувда юртдошимиз япониялик Ю Шиотанига имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль билан тақдирланди. -87 кг вазнда Токио-2020 лицензиати Рустам Ассакалов эса ярим финалгача етиб борди. Эронлик рақибига имкониятни бой бергач спортчимиз бронза медали учун гиламга чиқди. Ушбу босқичда у мусобақа мезбонларидан бири Нурсултан Турсиновдан устун келди.
130 кг вазн тоифасида кечган бронза медали учун курашда Суҳроб Фаттоев қирғизистонлик Мурат Рамонов тўсиғидан ўта олмади. Элмурат Тасмурадов (-63 кг) ҳамда Билан Налгиев (-77 кг) чорак финалда ўз иштирокларини якунладилар.
Кеча, мусобақанинг иккинчи кунида ниҳоят терма жамоамиз ҳисобига дастлабки олтин медаль ҳадя этилди. Ҳамюртимиз Жалгасбай Бердимуратов мусобақада -82 кг вазн тоифасида иштирок этди. Ушбу вазнда иштирокчилар сони кам бўлгани учун беллашувлар айлана тизимида ўтказилди. Финалда курашчимиз қирғизистонлик Калидин Асикеевга қарши гиламга чиқди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Қайд этиш жоиз, Бердимуратов айлана тизими доирасида ушбу полвонга кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйган эди ва финалда муносиб “ўч” олди.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА